Саудия Арабистони Жаҳон иқтисодий форуми йиғилишини кечиктирди

Kecha 21:001 daqiqa

Яқин Шарқдаги геосиёсий вазиятнинг кескинлашиши туфайли Саудия Арабистонида ўтиши режалаштирилган халқаро иқтисодий йиғилиш номаълум муддатга қолдирилди.

Саудия Арабистони Жаҳон иқтисодий форуми йиғилишини кечиктирди

Саудия Арабистони Иқтисодиёт ва режалаштириш вазирлиги Жаҳон иқтисодий форуми (ЖИФ) билан келишилган ҳолда, 22-23-апрел кунлари Жиддада ўтказилиши режалаштирилган ҳамкорлик масалалари бўйича халқаро учрашувни номаълум муддатга қолдирди. Бунга Яқин Шарқдаги вазиятнинг кескинлашгани сабаб бўлган. Бу ҳақда Саудиянинг SPA ахборот агентлиги вазирлик қарорига таяниб хабар берди.

Маълумотларга кўра, учрашув бошқа муддатга кўчирилган. Ҳозирча тадбир қачон ўтказилишига аниқлик киритилмаган.

Аввалроқ, жорий йил январ ойида Давосда бўлиб ўтган форум чоғида Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазири Файсал бин Фархон ушбу халқаро йиғилишни апрел ойида Жиддада ўтказиш режасини маълум қилган эди.

«Жаҳон иқтисодий форуми Иқтисодиёт ва режалаштириш вазирлиги билан ҳамкорликда 22-23-апрел кунлари Жиддада бўлиб ўтиши керак бўлган ҳамкорлик ва тараққиёт масалалари бўйича халқаро учрашув бошқа муддатга кўчирилганини эълон қилди», — дейилади хабарда.

Вазирликнинг таъкидлашича, ушбу қарор минтақадаги ҳозирги воқеалар фонида, тадбирни муносиб вақтда ўтказиш ва кутилган натижаларга эришишни таъминлаш мақсадида ташкилотчиларнинг илтимосига кўра қабул қилинган.

Teglar

Mavzuga oid