Сергели машина бозори бузиляптими? Ҳокимлик изоҳ берди
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолар турли тахминларга сабаб бўлди.

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри Сергели автомобил бозори ҳудудидаги қурилиш ишлари акс этган видеолар тарқалди. Тасвирларда эҳтиёт қисмлар савдоси учун хизмат қиладиган павилонлар устидаги соябонлар демонтаж қилинаётгани акс этган. Ушбу воқеа фонида бозор бузилаётгани айтилган хабарлар ҳам тарқалди.
Сергели тумани ҳокимлиги мазкур бозор бузилиши ҳақидаги хабарларни рад этди. Унга кўра, ҳудудда реконструкция ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Расмий баёнотда бозор одатий тартибда фаолият юритаётгани ва унинг ёпилиши режалаштирилмагани таъкидланган.
Ҳудуд янгиланмоқда
Ҳокимликка кўра, бу ишлардан асосий мақсад савдо инфратузилмасини модернизация қилиш, хавфсизликни ошириш ва тадбиркорлар ҳамда мижозлар учун қулай шароит яратишдан иборат.
Лойиҳа доирасида бозор маъмурий биносининг кириш қисми янгиланмоқда. Шунингдек, ҳудуддаги 26,5 минг квадрат метр майдонга янги асфалт қопламаси ётқизилган. Яна 16,2 минг квадрат метр ҳудудни асфалтлаш режалаштирилган.
«Эҳтиёт қисмлар сотиладиган савдо дўконларининг том қисмларини янгилаш ишлари олиб борилмоқда. Дўконлар тепасидаги тартибсиз жойлаштирилган реклама конструкциялари демонтаж қилинмоқда, витриналар алмаштирилмоқда», - дейилади ҳокимлик хабарида.
Янги тизим жорий этилади
Қайд этилишича, ободонлаштириш ишлари доирасида бозор ҳудудига автомобиллар киришини автоматлаштириш ҳам кўзда тутилган. Бунинг учун инсон омилисиз ишлайдиган тўлов тизими ускуналари ўрнатилмоқда.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги олиб борилаётган ишлар бозорни бузиш билан боғлиқ эмаслигини айтди.





