Шавкат Мирзиёев: Энергетикада муаммо маблағда эмас, тизимнинг бошқарувида!
Президент Энергетика вазирлиги ва унинг қуйи бўғинларидаги раҳбарларда ижро ва масъулият етишмаётгани танқид қилинди.
© Prezident matbuot xizmatiПрезидент Шавкат Мирзиёев раислигида ёқилғи-энергетика тармоғини ривожлантиришнинг устувор вазифаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Йиғилишда давлат раҳбари сўнгги ўн йилда соҳада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилганини таъкидлади. Қонунчилик такомиллаштирилиб, хусусий сектор ва хорижий инвесторлар учун имкониятлар кенгайтирилгани натижасида энергетика тармоғига 23 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб этилди.
Ҳудудларда умумий қуввати 9,5 гигаватт бўлган янги электр станциялари ишга туширилиб, мамлакатнинг генерация бўйича ички эҳтиёжини қоплайдиган қувватлар яратилди.
Шунингдек, сўнгги йилларда электр ва газ тармоқлари, подстанциялар, трансформаторлар ҳамда газ тақсимлаш инфратузилмасини модернизация қилиш учун 30 триллион сўм ажратилгани қайд этилди. Бу аввалги 25 йилда йўналтирилган маблағдан олти баравар кўп.
«Муаммо бошқарувда»
Президент соҳадаги асосий муаммо молиялаштириш эмаслигини алоҳида таъкидлади.
«Очиқ айтиш керак. Энергетикада муаммо маблағда эмас, чунки қанча керак бўлса, топиб беряпмиз. Муаммо тизимнинг бошқарувида!» – деди Мирзиёев.
Давлат раҳбари бир хил тармоқ инфратузилмасига эга бўлган айрим туманларда тизим самарали ишлаётгани, бошқаларида эса авариялар мунтазам такрорланаётганини назорат ва ижро интизомидаги фарқ билан изоҳлади.
Шу муносабат билан Энергетика вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг масъулияти ва ижро интизоми етарли эмаслиги танқид қилинди. Президентнинг таъкидлашича, тизим раҳбарларининг фаолияти аҳоли турмушига ва тадбиркорлар фаолиятига ижобий таъсир кўрсатиши лозим.
«Такрор айтаман: тизимдаги ҳар бир раҳбарнинг қилаётган иши, энг аввало, одамларнинг ҳаётида, турмуш тарзида сезилиши, тадбиркорларнинг мушкулини осон қилиши керак», — деди давлат раҳбари.
Минглаб авариялар қайд этилган
Йиғилишда энергетика тармоғидаги авариялар ҳам муҳокама қилинди. Маълум қилинишича, фақат июнь—июль ойларининг ўзида қарийб 4 мингта авария содир бўлган. Бунинг оқибатида аҳоли ва тадбиркорлар айрим ҳолларда 8–10 соатгача электр таъминотисиз қолган.
Президент сўнгги беш йилда Ширин шаҳри, Янгиҳаёт ва Яккасарой туманлари ҳамда Оҳангарон туманида электр истеъмоли икки баравардан кўпроқ ошганига қарамай, масъуллар ва маҳаллий ҳокимликлар тармоқлар бундай юкламани кўтара олмаслигини олдиндан ҳисобга олмаганини танқид қилди.
Шунингдек, электр таъминотидаги ҳар бир узилиш иқтисодиёт ва тадбиркорликка етказган зарар таҳлил қилинмаётгани, ҳокимлар энергия истеъмоли балансини етарлича билмагани сабабли миллиардлаб сўмлик иқтисодий йўқотишларга йўл қўйилаётгани қайд этилди.
Йиғилишда айрим ҳокимларда инфратузилмани яхшилаш бўйича аниқ ҳисоб-китоб мавжуд эмаслиги ҳам танқид қилинди.
Маълумотларга кўра, тармоқдаги йўқотишлар 17,2 фоизни ташкил этмоқда. Ўтган олти ойда 4,8 миллиард киловатт-соат электр энергияси йўқотилган.
Андижон шаҳри, Асака, Янгиобод, Косон, Кўкдала, Бойсун, Олтинсой, Қўштепа, Тошлоқ, Қўшработ ва Самарқанд туманида йўқотишлар 25 фоиздан юқори.
АСКУЭ ва АСКУГ тизими жорий қилинганига тўрт йилдан ошган бўлса-да, аҳоли хонадонларига ўрнатилган 300 мингта газ ва 234 мингта электр ҳисоблагич тармоққа маълумот узатмаяпти. Оқибатда айрим ҳудудларда дебитор қарздорлик камайиш ўрнига кўпаймоқда.
Лекин кўп раҳбарлар самарадорлик деганда фақат қуёш панели ўрнатишни тушуниб юргани, уй энергия самарадор бўлмаса, сарфланган маблағ беҳуда кетавериши қайд этилди.





