Солиқ хизматида ходимлар даромадларини декларация қилиш жорий этилмоқда

19.02.2026 | 18:202 daqiqa

1 мартдан солиқ хизмати ходимлари ҳамда айрим ҳудуд аҳолиси синов тартибида даромадлар бўйича солиқ декларацияси тақдим этади.

Солиқ хизматида ходимлар даромадларини декларация қилиш жорий этилмоқда

Давлат солиқ қўмитаси тизимида ходимларнинг даромад ва харажатларини декларация қилиш амалиёти жорий этилмоқда. Янги тартибга кўра, 1 мартдан бошлаб солиқ хизмати ходимлари, шунингдек Навоий ва Чирчиқ шаҳарлари аҳолиси синов тариқасида даромадлар бўйича солиқ декларацияси тақдим этади.

Маълумотларга кўра, 18 феврал куни Солиқ қўмитаси раиси Фаррух Пулатов ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Ҳужжат коррупциянинг олдини олиш бўйича тизимли ишларни кучайтириш, солиқ органлари фаолияти шаффофлигини ошириш ва замонавий ички назорат механизмларини жорий этишни назарда тутади.

Таъкидланишича, ташаббус фақат ҳуқуқбузарлик оқибатларини бартараф этиш билан чекланмайди. Асосий мақсад коррупсиявий омилларни барвақт аниқлаш, профилактик механизмларни ишга тушириш ва самарали назорат моделини шакллантиришдан иборат.

Солиқ қўмитаси раиси таклифи билан ҳар бир давлат солиқ хизмати ходимининг даромадларини декларация қилиш тизими ишлаб чиқилган. Тадбир давомида мазкур электрон платформа тақдимоти ўтказилгани маълум қилинди.

Ҳозирда Навоий ва Чирчиқ шаҳарларида декларация механизмини жорий этиш бўйича эксперимент амалга оширилмоқда. Пилот лойиҳа натижалари ижобий бўлган тақдирда, тизим босқичма-босқич республика миқёсида жорий этилиши режалаштирилган.

Маълумот учун: даромад декларацияси - жисмоний шахснинг йил давомида олган даромадлари ва ушланган солиқ миқдори ҳақидаги ҳужжат бўлиб, фуқаронинг яшаш жойидаги солиқ инспекциясига топширилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ судья ва унинг оила аъзолари мол-мулкини декларация қилиш йўлга қўйилиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эдик.

Президент Шавкат Мирзиёев 12 февраль куни Судьялар олий кенгаши раисининг ахбороти билан танишганда, судья ва уларнинг оила аъзолари мол-мулкини декларация қилишни йўлга қўйиш, суд аппарати ходимлари орасида коррупциянинг олдини олишга қаратилган комплаенс назорат тизимини жорий этиш борасидаги ташаббусларни қўллаб-қувватлаган эди.

Teglar

Mavzuga oid