«Суюлтирилган газнинг эркин бозорини шакллантириш бўйича тегишли чоралар кўрилади» — энергетика вазири
Ҳар бир маҳалланинг барча зарур маълумотларни ўз ичига олган энергетик паспорти шакллантирилади. Электр ва газ таъминотидаги узилишлар ҳақида мобил иловалар орқали тезкор маълумот бериб борилади.
© Ijtimoiy tarmoqlarЎзбекистонда энергия ресурслари таннархини пасайтиришда рақобат муҳитини кенгайтириш ва бозор механизмларини жадал жорий этишга ҳам алоҳида аҳамият берилади. Бу ҳақда энергетика вазири Шерзод Хўжаев маълум қилди.
Унинг айтишича, бунда тадбиркорларнинг импорт қилиб олиб кирган суюлтирилган газини аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига сотиш жараёнини соддалаштириш, улар учун қўшимча қулайликлар яратиш билан бирга, хавфсизлик талабларига қатъий риоя этиш таъминланади. Шу мақсадда амалдаги техник регламентларни қайта кўриб чиқиш ва суюлтирилган газдан фойдаланиш билан боғлиқ хавфларнинг олдини олишга қаратилган чораларни кучайтириш бўйича президентдан топшириқ олган.
Вазирнинг урғулашича, ҳар бир маҳалланинг барча зарур маълумотларни ўзида мужассам этган энергетик паспорти шакллантирилади. Унда маҳалладаги истеъмолчилар сони ва уларнинг тоифалари, электр энергияси ва табиий газ инфратузилмасининг мавжуд ҳолати, уларни таъмирлаш ва модернизация қилиш учун қанча маблағ ва вақт талаб этилиши, янги истеъмолчиларни тармоққа улаш имкониятлари каби барча зарур маълумотлар акс эттирилади.
«Агар мавжуд қувват янги истеъмолчилар эҳтиёжини қоплаш учун етарли бўлмаса, инфратузилмани қайси йўналишларда кучайтириш ва кенгайтириш зарурлиги ҳам аниқ белгиланади», — дейди у.
Унинг сўзларига кўра, электр ва газ таъминотидаги узилишлар ҳақида мобил иловалар орқали тезкор маълумот бериб борилади. Шу билан бирга, Call-марказлар фаолияти ҳам янада такомиллаштирилади. Шу билан бирга, электр энергияси ва табиий газни етказиб беришдаги йўқотишлар ҳамда дебитор қарздорликни кескин қисқартиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг янги энергетика вазири президент олдида тақдимот қилганди. Унда Энергетика вазирлиги, «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ва «Ўзэнергоинспекция» янги раҳбариятининг топшириқлар ижросини ташкил этиш борасида олиб бораётган ишлари ҳамда келгуси режалари кўриб чиқилганди.





