Тиббиёт ходимларига имтиёзли ипотека кредити бериш тартиби белгиланди

Bugun 13:252 daqiqa

Ўзбекистонда 15 йиллик стажга эга тиббиёт ходимларига уй-жой сотиб олишда ипотека бадалининг 25 фоизи давлат томонидан қоплаб берилиши режалаштирилмоқда.

Тиббиёт ходимларига имтиёзли ипотека кредити бериш тартиби белгиланди

Ўзбекистонда давлат тиббиёт муассасаларида камида 15 йил иш стажига эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимларини уй-жой билан таъминлашга қаратилган янги тартиб ишлаб чиқилди. Унга кўра, ипотека кредити асосида сотиб олинадиган уй-жойнинг дастлабки бадалининг 25 фоизи давлат томонидан субсидия қилинади.

Мазкур имтиёз Президентнинг 2025 йил 9 ноябрдаги қарорида белгиланган бўлиб, ҳар йили белгиланган квота доирасида тиббиёт ходимларига ушбу ёрдам ажратилиши кўзда тутилган. Ҳозирда ушбу механизмни амалга ошириш бўйича қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Қарор лойиҳасига кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги дастур ижроси учун масъул орган этиб белгиланади. Барча жараёнлар subsidiya.mf.uz ахборот тизими орқали автоматлаштирилади — аризаларни қабул қилиш, текшириш, реестр шакллантириш ва субсидия тўловларини амалга ошириш шу тизим орқали бажарилади.

Ариза берувчилар давлат хизматлари марказлари ёки электрон платформа орқали мурожаат қилишлари мумкин. Бир фуқаро ҳар чоракда фақат бир марта ариза топшириши мумкин. Саралашда асосий талаб — ариза берувчининг ҳозирда давлат тиббиёт муассасасида ишлаётгани ва камида 15 йиллик иш стажига эга эканлиги ҳисобланади.

Субсидия олувчилар ҳар чоракда тасодифий танлов асосида аниқланади. Танлов онлайн тарзда ўтказилиб, шаффофлик таъминланади. Ҳар чоракда 125 нафар ғолиб белгиланади, агар талабгорлар сони кам бўлса, барча мос келувчилар ғолиб деб топилади.

Ғолиблар 6 ой ичида ипотека шартномаси ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши шарт. Ҳужжат муҳокамаси 2026 йил 9 апрелгача давом этади.

Teglar

Mavzuga oid