Тожикистоннинг 2026-йилдаги иқтисодий ўсиш прогнози 7,3 фоизда сақланиб қолади — ОТБ
Мамлакат учун инфляция бу йил 4,5 фоиз ва 2027-йилда 4,7 фоизга етиши кутилмоқда.

Қўшни Тожикистон иқтисодиёти 2026-йилда 7,3 фоизга ва 2027-йилда 6,8 фоизга ўсади. Бу ҳақда Осиё тараққиёт банкининг июль ойидаги Осиё тараққиёти прогнози маълумотларида сўз боради.
Бу тахминлар ОТБнинг апрель ойидаги прогнозига мос келади. Ўшанда банк шунингдек, 2025-йилда 8,4 фоиз ўсгандан сўнг, Тожикистон иқтисодий ўсиши аста-секин секинлашишини, аммо кучли бўлиб қолишини кутган эди. ОТБ иқтисодчилари мамлакатнинг барқарор иқтисодий ўсишини биринчи навбатда саноат ва хизматлар соҳасининг ривожланиши билан боғлайди. Уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, саноат рақобатбардошлигини ошириш ва қўшимча қийматни ошириш узоқ муддатли иқтисодий ўсишга ва иш ўринларини яратишга ҳисса қўшиши мумкин.
Банкнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда саноат ишлаб чиқаришининг жадал ўсишига қарамай, Тожикистон иқтисодиёти ҳали ҳам тор ишлаб чиқариш базасига эга. Мамлакат экспорти асосан қайта ишланмаган хомашё ва паст ҳамда ўрта технологияли маҳсулотлардан иборат. Саноат товарлари ва юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар умумий товар экспортининг 10 фоиздан камроғини ташкил қилади. Шу муносабат билан банк мутахассислари Тожикистонга экотизим ёндашувига асосланган кенг қамровли саноатни ривожлантириш дастурини амалга оширишни тавсия қилди. Уларнинг фикрича, бундай ёндашув алоҳида соҳалардан ташқарига чиқиши ва кенгроқ бизнес муҳитидаги чекловларни, жумладан, инфратузилма, малакали ишчи кучига кириш, молиялаштириш ва бизнес муҳитини яхшилашни ҳал қилиши керак.
Марказий Осиё мамлакатлари орасида ОТБ Қирғизистон учун энг юқори иқтисодий ўсиш ва Қозоғистон учун энг паст кўрсаткични башорат қилмоқда.
Инфляция прогнози ёмонлашди
Шу билан бирга, ОТБ Тожикистон учун инфляция прогнозини оширди. Энди у 2026-йилда 4,5 фоиз ва 2027-йилда 4,7 фоизга етиши кутилмоқда. Бу 2026-йил апрель ойидаги прогноздан 0,5 фоиз пунктга ва 2027-йилги прогноздан 0,2 фоиз пунктга юқори. Прогнознинг қайта кўриб чиқилиши глобал ва минтақавий таъминот занжирларида давом этаётган узилишлар билан боғлиқ.

Минтақадаги энг юқори инфляция даражаси Қозоғистон ва Қирғизистонда кутилмоқда. ОТБ шунингдек, ривожланаётган Осиё ва Тинч океани минтақаси учун иқтисодий ўсиш прогнозини қайта кўриб чиқди. 2026-йилда ўсиш 2025-йилдаги 5,5 фоиздан 4,9 фоизга етиши кутилмоқда. Бу апрель ойидаги прогноздан 0,2 фоиз пунктига паст.
Банкнинг таъкидлашича, Яқин Шарқдаги можаро туфайли энергия бозорларидаги узоқ муддатли узилишлар минтақанинг истиқболларига кутилганидан кўра жиддийроқ таъсир кўрсатган. Ушбу омилларнинг таъсири камайиши билан иқтисодий фаолликнинг тикланиши кутилаётган бир пайтда, 2027-йил учун ўсиш прогнози 5,1 фоизда сақланиб қолди.
ОТБ маълумотларига кўра, минтақада инфляция босими сақланиб қолади. Инқирознинг оқибатлари нафақат энергетика секторига, балки ўғитлар нархлари, бошқа товарлар ва глобал таъминот занжирларига ҳам таъсир қилади. 2026-йилда минтақавий инфляция 2025-йилдаги 3,0 фоизга нисбатан 4,3 фоизни ташкил қилиши прогноз қилинмоқда. Бу апрель ойидаги тахминдан 0,7 фоиз пунктига юқори. 2027-йил учун инфляция прогнози ўзгаришсиз қолмоқда ва 3,4 фоизни ташкил этади.
Осиё тараққиёт банки Осиё-Тинч океани минтақасида барқарор ва инклюзив ўсишни қўллаб-қувватловчи етакчи кўп томонлама ривожланиш банкидир. 1966-йилда ташкил этилган банкка 69 та давлат эгалик қилади, улардан 50 таси минтақадан.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ йиллик инфляция 6,4 фоизга етгани, ўзбекистонликлар чўнтагига нима қимматга, нима арзонга тушгани ҳақида ёзгандик.





