Logo

Тожикистоннинг ташқи қарзи 100 миллион долларга камайди: мамлакат энг кўп кимдан қарздор?

Bugun 09:422 daqiqa

ЙИМга нисбатан қарз улуши 19,2 фоиздан 16 фоизга, яъни 3,2 фоиз бандга пасайди.

Тожикистоннинг ташқи қарзи 100 миллион долларга камайди: мамлакат энг кўп кимдан қарздор? © Asia-Plus

Тожикистон Молия вазирлиги маълумотига кўра, 2026-йил 1-июль ҳолатига мамлакатнинг умумий давлат қарзи 3,4 миллиард долларни ёки ЙИМнинг 16 фоизини ташкил этди.

Шундан 2,9 миллиард доллари (давлат қарзининг 85,5 фоизи) ташқи қарз, 490,4 миллион доллари (14,5 фоизи) эса ички қарз ҳисобланади. Йил бошига нисбатан давлат қарзи қарийб 100 миллион долларга камайди. ЙИМга нисбатан қарз улуши эса 19,2 фоиздан 16 фоизга, яъни 3,2 фоиз бандга пасайди.

Шу даврда ташқи қарз ҳам 3 миллиард доллардан 2,9 миллиард долларга тушди. Ҳозир у ЙИМнинг 13,7 фоизига тенг.

2026 йилнинг биринчи ярмида ташқи қарзга хизмат кўрсатиш учун 270,3 миллион доллар йўналтирилди. Шундан 230,1 миллион доллари асосий қарзни қоплашга, яна 40,2 миллион доллари эса фоиз тўловларига сарфланди.

photo_2026-07-24_09-43-58


Молия вазирлигининг таъкидлашича, давлат барча молиявий мажбуриятларини тасдиқланган режа асосида ўз вақтида бажармоқда ва халқаро молия ташкилотлари ҳамда алоҳида давлатлар олдида муддати ўтган қарздорлик мавжуд эмас.

Тожикистоннинг энг йирик ташқи кредитори ҳамон Хитой Экспорт-импорт банки ҳисобланади. Биринчи ярим йиллик давомида ушбу банк олдидаги қарз 740 миллион доллардан 690 миллион долларга камайди. Яъни, қарз 50 миллион долларга ёки қарийб 7 фоизга қисқарди.

Хитой банки Тожикистоннинг жами ташқи қарзининг 23,8 фоизини ташкил этади. Йирик кредиторлар қаторида яна Жаҳон банки (390 миллион доллардан ортиқ), Ислом тараққиёт банки (270 миллиондоллардан ортиқ), Осиё тараққиёт банки (230 миллион доллар атрофида) ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (228 миллион долларга яқин) бор.

2026-йил 1-январь ҳолатига Тожикистоннинг давлат қарзи 3,5 миллиард долларни ёки ЙИМнинг 19,2 фоизини ташкил этган. Шундан 3 миллиард доллари ташқи, қарийб 500 миллион доллари эса ички қарз эди.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистон иқтисодиёти йил охиригача 8,3 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда.

Teglar

Mavzuga oid