Тўлаш тартиби қатъийлашаётган йўлкира ҳақи, халқаро захиралари камайган Ўзбекистон, ҳудуди кенгаётган Самарқанд, коррупция кўп идоралар — 9-август дайжести
Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Энди автобусга чиққан заҳоти йўлкира ҳақини тўлаш шарт бўлади
2026-йил 1-сентябрдан бошлаб брутто-шартнома асосида фаолият юритаётган барча шаҳар автобусларида тўлов қоидалари қатъийлашади.
Янги тартибга кўра йўловчилар автобусга чиқиши билан йўлкира ҳақини тўлашлари шарт. Йўлкира ҳақи транспорт ёки ижтимоий картани валидаторга теккизиш, шунингдек банк картаси, смартфон ва бошқа контакциз тўлов воситалари орқали тўланади.
Агар йўл ҳақи автобусга чиқиш вақтида тўланмаса (ёки имтиёзини тасдиқлатмаган), йўловчи чиптасиз ҳаракатланаётган деб ҳисобланади ва бу жаримага сабаб бўлиши мумкин.
Ўзбекистоннинг расмий халқаро захиралари йил бошига нисбатан 4,52 фоизга камайди
Ўзбекистоннинг расмий халқаро захиралари 2026-йилнинг 1-август ҳолатига кўра 64,3 миллиард долларга етди. Йил бошида бу кўрсаткич 66,3 миллиард доллар, июл бошида эса 63,76 миллиард доллар эди. Демак, август ойида халқаро захиралар олдинги ойга нисбатан 0,72 фоизга ошган, 2026-йил бошига нисбатан эса 4,52 фоизга камайган.
4 та туманнинг 17,2 минг гектар ери Самарқанд шаҳрига берилади
Самарқанд вилоятидаги 4 та тумандан жами 17 226,5 гектар ер майдони Самарқанд шаҳри таркибига ўтказилмоқда. Унга кўра, Самарқанд туманининг 13 минг 308 гектар, Оқдарё туманининг 1410,6 гектар, Тойлоқ туманининг 1265,6 гектар ва Паст Дарғом туманининг 1242,3 гектар ҳудудида вилоят маркази тасарруфига ўтказилади. Маъмурий-ҳудудий бошқарувни оптималлаштириш мақсадида Самарқанд тумани тугатилади.
Ўзбекистонда коррупция энг кўп учрайдиган соҳалар маълум бўлди
Мамлакатда ўтган йили коррупция билан боғлиқ жиноятларнинг энг кўпи мактабгача ва мактаб таълими, соғлиқни сақлаш, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда тижорат банклари ҳиссасига тўғри келган. 2025-йилда коррупцияга оид жиноятлар бўйича 7517 киши жиноий жавобгарликка тортилган, давлат манфаатларига 2,9 трлн сўмдан ортиқ зарар етказилган.
Шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳар тўртинчисида коррупциявий омиллар аниқланган, давлат харидлари соҳасида 12,6 трлн сўмлик қонунбузилишлар қайд этилган, айрим давлат органлари ва ҳудудлар коррупцияга қарши курашиш самарадорлиги ҳамда очиқлик индекси бўйича қониқарсиз натижа кўрсатган.
Ўзбекистонда арзон дрон-интерсептор ихтиро қилинди
Ўзбекистонда хавфли дронларни аниқлаш ва зарарсизлантириш учун мўлжалланган «Шунқор-88» тутиб олувчи дрони ишлаб чиқилди.
Ишлаб чиқувчилар ушбу лойиҳанинг асосий афзалликларидан бири сифатида унинг нархини кўрсатмоқда. Уларнинг баҳосига кўра, битта «Шунқор-88»ни ишлаб чиқариш 20–50 минг доллар туриши мумкин. Таққослаш учун, ишлаб чиқувчилар келтирган маълумотларга кўра, битта ҳаво мудофааси ракетасининг нархи 2–5 миллион доллар атрофида. Шундай қилиб, янги ихтиро дронларга қарши курашишнинг анча арзон воситаси сифатида тақдим этилмоқда. Қурилманинг тахминан 45 фоизи маҳаллийлаштирилган.





