Logo

Тўрт шаҳарда ёзги «сиеста» жорий этилиши мумкин

Kecha 20:512 daqiqa

Ўзбекистоннинг тўрт туристик шаҳрида ёзги мавсумда «сиеста» тизимини жорий этиш таклиф қилинди. Туризм объектлари эрталаб ва кечқурун ишлаб, куннинг энг иссиқ қисмида танаффус жорий этилади.

Тўрт шаҳарда ёзги «сиеста» жорий этилиши мумкин © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

2026 йилдан бошлаб Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларида ёзги мавсумда туризм соҳасида тажриба тариқасида «сиеста» тизими жорий этилиши мумкин. Бу Президент қарори лойиҳасида назарда тутилган бўлиб, ҳозирда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.

Лойиҳага мувофиқ, туризм объектлари иш вақти 07:00–13:00 ҳамда 17:00–23:00 оралиғига мослаштирилади. Куннинг энг иссиқ қисмида эса танаффус жорий этилади. Ташаббус юқори ҳарорат шароитида туристлар ва ходимлар саломатлигини муҳофаза қилиш, шунингдек, хизматлар сифатини оширишга қаратилган.

Ҳужжат муаллифлари таъкидлашича, янги тартиб ёзги мавсумда туристлар учун янада қулай муҳит яратиш ва мамлакатнинг туризм салоҳиятидан самаралироқ фойдаланишга хизмат қилади.

Кечки туризм ривожланади

Лойиҳада ресторанлар ва кўнгилочар масканлар фаолиятини кечки соатларда фаоллаштириш, музей ва тарихий обидаларда эса «Тунги музей» ҳамда «Кечки экскурсия» хизматларини ташкил этиш таклиф этилган.

Муаллифлар фикрича, бу туристик оқимни кун давомида бир маромда тақсимлаш, маданий мерос объектларидаги ортиқча юкламани камайтириш ва шаҳар инфратузилмасидан самаралироқ фойдаланиш имконини беради.

Шу билан бирга, кечки сайёҳлик дастурлари шаҳарларнинг туризм жозибадорлигини ошириши ва меҳмонларнинг мамлакатда кўпроқ вақт ўтказишига туртки бериши мумкин.

Ресурслар тежалиши кутилмоқда

Лойиҳада «сиеста» тизими сув ва электр энергиясидан тежамкор фойдаланишга ҳам хизмат қилиши қайд этилган. Хусусан, кундузги юқори ҳарорат туфайли юзага келадиган энергия сарфини қисқартириш ва атроф-муҳитга тушадиган юкламани камайтириш мақсад қилинган.

Мутахассислар ушбу ёндашувни иқлим ўзгариши шароитига мослашишнинг амалий механизмларидан бири сифатида баҳоламоқда. Уларга кўра, бундай тажриба туризм соҳасининг рақобатбардошлигини ошириш, экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда аҳоли ва сайёҳлар саломатлигини муҳофаза қилишга хизмат қилиши мумкин.

Президент қарори лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси 25 июлга қадар давом этади.

Teglar

Mavzuga oid