Тошкент шаҳрида тўртта рамзий дарвоза қурилади
Пойтахтдаги «Чорсу» ва «Эски Жува» реконструкция қилиниб, шаҳарда тўртта рамзий дарвоза, «Ёшлар шаҳарчаси», экобоғлар ва янги туристик масканлар қурилади.
© Ijtimoiy tarmoqlarПрезидент Шавкат Мирзиёевнинг 27-июл куни имзолаган «Тошкент шаҳрини 2026–2027 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори пойтахтни ривожлантиришнинг янги босқичини белгилади. Ҳужжатда туризм, маданий мерос, экология, транспорт ва жамоат инфратузилмасини қамраб олган ўнлаб лойиҳалар назарда тутилган.
Энг йирик ташаббуслардан бири шаҳарнинг тўртта кириш қисмида — Роҳат, Бектемир, Эркин ва Уч қаҳрамон йўналишларида рамзий дарвозалар қурилиши ҳисобланади.
Уларнинг асосий мақсади Тошкентнинг замонавий архитектура тимсолини яратиш ва пойтахтга ташриф буюрувчиларда илк таассуротни кучайтиришдан иборат.
Тарихий ҳудудлар янгиланади
Қарорга мувофиқ, пойтахтнинг энг машҳур тарихий савдо ҳудудларидан бўлган «Чорсу» бозори ва «Эски Жува» мажмуасини комплекс реконструкция қилиш концепцияси ишлаб чиқилади.
Ҳужжатда реконструкция жараёнида «Чорсу»нинг тарихий қиёфасини тўлиқ сақлаш алоҳида талаб сифатида белгиланган. Барча гумбазлар, мозаика паннолари ва бошқа архитектура элементлари реставрация қилиниб, уларга зарар етказилишининг олди олинади.
Шунингдек, лойиҳаларни ишлаб чиқишда меъморлар, олимлар ҳамда маданий мерос соҳаси мутахассисларининг таклифлари инобатга олинади. Маданий мерос объектлари жойлашган ҳудудларда ҳар қандай қурилиш ёки реконструкция ишлари Маданий мерос агентлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
Юнусобод туманидаги Сайилгоҳ ҳудудида эса барча бино ва иншоотлар ягона «дизайн код» асосида таъмирланади.
Туризм учун 1 триллион сўм
2030 йилгача Тошкентда гастрономик, туристик, сояли сайр ҳамда тун-у кун фаолият юритадиган кўчаларни ташкил этиш учун босқичма-босқич 1 триллион сўм маблағ ажратилади.
Шу билан бирга, автобус бекатлари, метро станциялари, темир йўл вокзаллари ва аэропортларда туристлар учун шаҳар объектлари акс эттирилган онлайн харита платформаси жорий этилади. У мобил телефонларга бепул юклаб олиш имконини беради ва хизмат кўрсатиш объектлари билан интеграция қилинади.
Бу ташаббуслар пойтахтга келувчи маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун навигацияни енгиллаштириш ҳамда туристик хизматлардан фойдаланишни соддалаштиришга хизмат қилади.
Экологияга алоҳида эътибор
Қарорда экологик инфратузилмани ривожлантиришга ҳам катта ўрин берилган.
Жумладан, ёпиқ дренаж тизимлари ва коллекторлар таъмирланади, янги каналлар қурилади ҳамда ёмғир сувини йиғиб, уни дарахтлар ва яшил ҳудудларни суғоришга йўналтириш тизими жорий этилади.
Шайхонтоҳур туманидаги Ипакчилик илмий-тадқиқот институти ҳудудида ноёб тут дарахтлари сақлаб қолинган ҳолда экобоғ, тематик дам олиш ҳудудлари ва кўнгилочар масканлар ташкил этилади. Кейинчалик айрим объектлар тайёр бизнес сифатида электрон аукцион орқали сотувга чиқарилади.
Бундан ташқари, Тошкент давлат ўрмон хўжалигига 310 гектар ер ажратилиб, бу ерларда «яшил белбоғ» ва «яшил боғ»лар барпо этилади. Ушбу ҳудудларда ерларни хусусийлаштириш, дарахтларни кўчириш ва қурилиш ишларини амалга ошириш тақиқланади. Шунингдек, аҳоли яшаш жойларидан 15 дақиқалик пиёда масофада кичик яшил боғлар ташкил этилади.
«Ёшлар шаҳарчаси» ташкил этилади
Чилонзор туманидаги собиқ Республика онкология маркази Тошкент шаҳар филиали ўрнида «Ёшлар шаҳарчаси» барпо этилади.
Мажмуада меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича дуал таълим ташкил этилади. Шунингдек, юқори технологиялар зоналари, хизмат кўрсатиш майдонлари, кутубхона, симуляция устахоналари, бизнес офислари, стартап студияси ва «Ёшлар боғи» қурилади.
Лойиҳа ёшларнинг замонавий касб-ҳунар эгаллаши, инновацион ғояларни ривожлантириши ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ айнан шу қарор билан пойтахтдаги 35 та бозор, савдо комплекси ва уларнинг шохобчалари оммавий савдоларга чиқарилиши ҳақида хабар берилганди.





