Тошкентда ҳаво сифатини яхшилаш учун сунъий кўл ва сув ҳавзалари ташкил этилади

25.11.2025 | 13:252 daqiqa

Уч ой муддатда пойтахтнинг 4 та йўналишида камида учтадан сунъий кўл ва сув ҳавзаларини ташкил этилади.

Тошкентда ҳаво сифатини яхшилаш учун сунъий кўл ва сув ҳавзалари ташкил этилади

Тошкент шаҳри ҳудудида атмосфера ҳавосининг сифатига ижобий таъсир кўрсатадиган микроиқлим барқарорлигини таъминлаш мақсадида сунъий кўл ва сув ҳавзалари ташкил этилади. Бу ҳақда Президентнинг «Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида айтиб ўтилди.

Фармонга мувофиқ, Сув хўжалиги вазирлиги «Ўзсувтаминот» АЖ билан ҳамкорликда уч ой муддатда Тошкентнинг шарқ, ғарб, шимол ва жануб йўналишларида камида учтадан сунъий кўл ва сув ҳавзалари ташкил этиши лозим. Мазкур сув иншоотлари микроиқлимни стабиллаштириш, ҳаводаги чанг концентрациясини камайтириш ва маҳаллий биоэкологияни яхшилашга хизмат қилиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, фармонда ёз-куз мавсумида асосий йўллар четидаги дарахт ва буталарни ҳафтада уч марта, куннинг биринчи ярмида ювиб туриш вазифаси ҳам белгилаб қўйилди.

Қўшимча равишда, жисмоний ва юридик шахслар эгалигидаги ҳудудлардаги дарахт ва ўсимликларни суғориш мақсадида ичимлик сувидан фойдаланишга қўйилган вақтлик чеклов баҳор ва ёз ойларида бекор қилинади. Тунги 00:00 дан 05:00 гача амал қилган талаб энди қўлланилмайди. Бироқ ичимлик сувини бошқа мақсадларда ишлатишга доир чекловлар ўз кучида қолади.

Шунингдек, Тошкент шаҳри ҳудудидаги фавворалар сони 2 баробарга кўпайтирилади. Бу Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳри ва унга туташ бўлган ҳудудлардаги барча иссиқхона объектларига табиий газ етказиб берилиши ҳақида хабар берилган эди. Ёқилғи моддалар, материал ва чиқиндилар ёқилгани аниқланган иссиқхоналар эса жиноий жавобгарликка тортилади.

Teglar

Mavzuga oid