Тошкентда нотўғри парковка қилинган машиналар жарима майдончасига олиб кетиляпти
Тошкентда пиёдалар йўлаклари, бекатлар ва яшил ҳудудларда қолдирилган автомобиллар энди жарима майдонларига олиб кетилади.
© Toshkent shahrida Yo‘l harakatini tashkil etish markaziТошкент шаҳрида тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузган автомобилларга нисбатан қатъий чоралар жорий этилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳри Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази маълум қилди.
Марказ хабарига кўра, тартибли шаҳар муҳитини шакллантириш ишларининг кейинги босқичида нотўғри жойда қолдирилган автомобиллар эвакуация қилиниб, махсус жарима майдончаларига жойлаштирилади.
Асосий мақсад
Қайд этилишича, пойтахтнинг турли ҳудудларида ҳайдовчилар автомобилларни пиёдалар йўлакларида, пиёдалар ўтиш жойлари яқинида, автобус бекатларида, яшил ҳудудларда ҳамда тақиқловчи белгилар ўрнатилган жойларда қолдириши тез-тез кузатилмоқда. Бу эса фуқароларнинг эркин ҳаракатланишига, жамоат транспорти ва махсус техникалар қатновига жиддий халақит бермоқда.
Марказ айниқса кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, болалар аравачасидаги ота-оналар учун бундай ҳолатлар катта ноқулайлик туғдиришини таъкидлади.
Расмийларга кўра, янги чоралардан асосий мақсад — кўчаларда тартибни таъминлаш, ҳаракат хавфсизлигини ошириш ва жамоат жойларини аҳоли учун хавфсиз ҳамда очиқ сақлашдан иборат.
Шу муносабат билан ҳайдовчилардан автомобилни тўхтатиш ёки қолдиришда йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилиш, пиёдалар ва транспорт ҳаракатига тўсқинлик қилувчи жойларда машина қолдирмаслик сўралди.





