Тошкентда «Сояли сайр кўчалари» ва ҳаво назорати тизими яратилади

25.11.2025 | 14:552 daqiqa

Пойтахтда ифлосланишни камайтириш, кўчаларни кўкаламзорлаштириш ва ҳаво сифатини онлайн кузатишни таъминловчи янги эколойиҳалар амалга оширилади.

Тошкентда «Сояли сайр кўчалари» ва ҳаво назорати тизими яратилади

Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш мақсадида бир қатор йирик ташаббуслар амалга оширилади. Бу ҳақда Президентнинг «Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида белгиланган.

Ҳужжатга мувофиқ, шаҳарда ҳаво сифати мониторинги тубдан янгиланади, кўчаларда эса катта кўламли кўкаламзорлаштириш ишлари бошланади.

Экология қўмитаси, Фанлар академияси ва бир қатор вазирликлар билан ҳамкорликда Тошкентнинг барча туманларида «Сояли сайр кўча»лари ташкил этилади. Бу мақсадда «яшиллик» даражаси паст, узунлиги камида 5 километр бўлган кўчалар танлаб олинади.

Шу билан бирга, 2026 йил баҳор ва куз мавсумларида шаҳар маҳаллий бюджети ҳисобидан 33 километрлик кичик ҳалқа йўли бўйлаб «Яшил коридор» барпо этилади. Йўл бўйлаб узлуксиз дарахтзор, ободлаштирилган пиёда йўлаклари ва экологик муҳофаза элементлари жойлаштирилади.

Тошкент ҳавосини реал вақтда кузатиш учун 347 та мониторинг станциялари сотиб олинади. Air Monitoring Тashkent платформаси ва Тошкент шаҳар ҳокимлигига тегишли 10 та автоматик мониторинг станцияси Экология қўмитаси бошқарувига ўтказилади ва ма қўмита томонидан Air Monitoring Uzbekistan платформаси ишга туширилади. Air Monitoring Uzbekistan платформасига харид қилиниши режалаштирилган 347 та станция, Гидрометеорология хизмати тизимидаги барча кузатув станциялари ва «Замин» фонди ўрнатган 23 та автоматик станция уланади.

Янгидан ташкил этиладиган махсус лаборатория эса PM2.5 каби зарарли майда заррачаларни чуқур таҳлил қилади. Лаборатория космик тасвирлар, замонавий ўлчов ускуналари ва моделлаштириш технологиялари асосида ифлосланиш манбаларини аниқлаш билан шуғулланади.

2026 йил 1 апрелигача хорижий экспертлар, илмий-тадқиқот институтлари ва маҳаллий мутахассислар иштирокида «Яшил Тошкент» мастер режаси ишлаб чиқилади. У пойтахтдаги барча экология йўналишларини бир тизимга бирлаштириб, узоқ муддатли ҳафталик, мавсумий ва стратегик чора-тадбирлар учун асос бўлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда ҳаво сифатини яхшилаш учун сунъий кўл ва сув ҳавзалари ташкил этилиши ҳақида хабар берган эдик.

Teglar

Mavzuga oid