Тошкентда йирик нарколаборатория аниқланди
Тошкент шаҳри ва вилоятида ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида «Прегабалин», «Тропикамид» дори воситалари ва уларни қадоқлаш учун мўлжалланган жиҳозлар топилган.
© Видеодан кадрТошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида 2 нафар шахс ушланиб, уларнинг ёнидан 500 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари ашёвий далил сифатида олинди.
Тезкор тадбирлар давомида ушбу шахсларга алоқадор бўлган яна бир тарқатувчи ҳам аниқланиб, у ҳам қўлга олинди. Унинг ёнидан ҳам 500 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари топилди ва мусодара қилинди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан дориларнинг манбасини аниқлаш мақсадида тадбирлар янада кенгайтирилди. Олиб борилган қўшимча суриштирувлар натижасида занжирнинг юқори бўғини фош этилди.
Хусусан, Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳрида 3 нафар шахс қўлга олинди. Уларнинг яшаш манзили кўздан кечирилганда, у ерда ноқонуний равишда нарколаборатория ташкил этилгани маълум бўлди.
Ноқонуний дорилар миқдори
Тадбир давомида лабораториядан 9 килограмм «Прегабалин», 500 грамм «Тропикамид», шунингдек 600 дона «Прегабалин» дори воситалари ва уларни қадоқлаш учун мўлжалланган жиҳозлар ашёвий далил сифатида олинди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 251¹-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ушбу тармоқнинг бошқа иштирокчиларини ҳам аниқлаш ишларини олиб бормоқда.





