Тошкентдаги девор қулаган кўчада ҳаракат қисман тикланди
Кеча Тошкентдаги Темур Малик кўчасида жойлашган йўлўтказгич деворининг бир қисми қулаб тушганди. Мазкур йўлўтказгич қурилиб, фойдаланишга топширилганига атиги 1,5 йил бўлган.

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани Темур Малик кўчасида янги йўлўтказгич деворининг бир қисми қулаб тушган ҳудудда транспорт ҳаракати қисман тикланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Маълум қилинишича, ҳодиса содир бўлган ҳудудни айланиб ўтиш учун Султония кўчасидан Мирзо Улуғбек кўчасигача бўлган йўналишда транспорт ҳаракати вақтинча қарама-қарши йўналиш орқали ташкил этилган.
Мазкур йўл участкасининг ҳар икки томонида транспорт воситалари учун рухсат этилган максимал тезлик соатига 30 километр этиб белгиланди.

Шу билан бирга, Буюк ипак йўли кўчаси бўйлаб, кўприк орқали ҳаракат ҳам қайта очилган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 12 март куни Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги Темур Малик ва Буюк Ипак йўли кўчалари кесишмасидаги янги туннель йўли атрофидаги йўл ўтказгичнинг бир қисми кўчиб тушган эди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълумотига кўра, ҳодиса оқибатида жабрланганлар қайд этилмаган. Воқеа жойига тезкор равишда авария хизматлари, техник мутахассислар ва масъул ташкилотлар вакиллари етиб борган. Ҳудуд ўраб олиниб, қўшимча хавфсизлик чоралари кўрилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан комплекс техник текширув ўтказилмоқда. Дастлабки тахминларга кўра, ҳодиса сўнгги кунлардаги кучли ёғингарчилик туфайли тупроқнинг ортиқча намланиши ва конструкцияга тушадиган юклама ошиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Шу билан бирга, лойиҳа ечимлари, қурилиш ишлари сифати, дренаж тизими ва қурилиш назорати ҳам текширилмоқда.
Текширув натижаларига кўра, тиклаш ишлари бўйича қарор қабул қилинади. Агар қоидабузарлик ёки ишларнинг талаб даражасида бажарилмагани аниқланса, масъул шахслар қонун доирасида жавобгарликка тортилади.





