Logo

Трампизм ва янги дунё тартиби: АҚШнинг глобал роли ўзгармоқда

Bugun 09:206 daqiqa

Иккинчи жаҳон урушидан кейин шаклланган Ғарб етакчилигидаги глобал бошқарув тизими жиддий тарихий бурилиш палласини бошдан кечиряпти.

Трампизм ва янги дунё тартиби: АҚШнинг глобал роли ўзгармоқда

Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврда Ғарб етакчилигидаги бошқарув тизимлари ва кўп томонлама институтларнинг кенг тармоғини яратган идеализм ғояси ҳукмронлик қилган бўлса, эндиликда бу тартиб ўзининг ҳал қилувчи тарихий бурилиш палласига кирди. Бу ҳақда БМТнинг собиқ ходими ва халқаро сиёсат бўйича тадқиқотчи Фирас Даббағ ўзининг «Al Jazeera» нашри учун ёзган мақоласида маълум қилди.

«АҚШ президенти Доналд Трампнинг икки бошқарув даврида шаклланган ташқи сиёсат тамойиллари — бир томонлама ҳаракатлар, манфаатли миллатчилик ва тарихий иттифоқларни қайта кўриб чиқиш — аввалги халқаро меъёрлардан буткул воз кечишни англатади», — дея қайд этади муаллиф.

Унинг таъкидлашича, таъсир ўтказишнинг мажбурловчи усулларини медиа манипуляциялари билан уйғунлаштирган бу бурилиш дунёда янги ташқи сиёсий феномен — трампизмни юзага келтирди.

Мақолада ёзилишича, трампизм миллий суверенитетни ҳимоя қилиш ғоясини амалдаги тузумга қаршилик билан бирлаштириб, бир неча авлоддан бери глобал бошқарувга таянч бўлган асосий тамойилларни тизимли равишда шубҳа остига олмоқда.

«Аслида бу Ғарб ҳукмронлигидаги дабдабали глобал етакчиликдан марказлашмаган, аниқ масалаларга йўналтирилган ва ўта прагматик (ўзаро манфаатли савдолашувга асосланган) халқаро тартибга онгли равишда ўтиш демакдир», — дея хулоса қилади тадқиқотчи.

Даббағнинг кузатишларига кўра, трампизмнинг амалий стратегияси анъанавий кўп томонлама мажбуриятларни четга суриб, бор эътиборни иқтисодий сиёсат ва миллий манфаатларга шафқатсизларча қаратган. Муаллиф ташқи сиёсий алоқалар очиқдан-очиқ ички иқтисодиёт устуворликларига — қайта саноатлаштириш, мудофаа саноатини тиклаш, энергетик устунлик, мувозанатли савдо ва молия секторидаги етакчиликка боғланганини эътироф этади.

Бу мақсадларга эришиш йўлида Трамп маъмурияти кенг кўламли кўп томонлама келишувлардан воз кечиб, икки томонлама битимларни афзал кўрган. Шунингдек, юқори божлар, мажбурий савдо чоралари ва санкцияларни давлат қудратининг асосий қуролига айлантирган.

Экспертнинг фикрича, маъмуриятнинг кенг қамровли санкциялар қўллаши ва қонунларни мамлакат ҳудудидан ташқарида ҳам агрессив тарзда ишлатиши глобал миқёсда халқаро ҳуқуқ, давлат суверенитети ва миллий юрисдикция чегаралари борасида қизғин баҳсларни келтириб чиқарди.

«Куч орқали тинчлик» шиори остида трампизм иттифоқчилар ва рақибларга бирдек босим ўтказиш учун ҳуқуқий, иқтисодий ва хавфсизлик механизмларини бирлаштирди», — дейилади материалда. Бунда ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолияти ва миллий хавфсизлик мақсадларидан мунтазам равишда ташқи сиёсатнинг бевосита қуроли сифатида фойдаланилганлиги таъкидланади.

Тадқиқотчининг ёзишича, бундай позиция бевосита жамоавий мудофаа ва хавфсизлик тизимларига, хусусан, НАТОга ҳам кўчиб ўтди. Трампизм Ғарбнинг мудофаа харажатларини тақсимлаш тартибини жиддий тафтиш қилиб, АҚШ маблағлар ва стратегик хатарларнинг ҳаддан ташқари катта қисмини ўз зиммасига олганини очиқ кўрсатиб берган.

Институционал инқироз

Мақолага кўра, трампизмнинг тизимли оқибатлари глобал бошқарув иерархиясининг барча қатламларида ўз аксини топган. Халқаро форумларда АҚШ маъмурияти мисли кўрилмаган беқарорлик ва кутилмаган хатти-ҳаракатлар намойиш қилгани айтилади. Улар кўп ҳолларда ўрнатилган халқаро келишувлардан воз кечиб, нуфузли институтлар билан ҳамкорликни тўхтатган. Фирас Даббағнинг таъкидлашича, етакчиликнинг бундай беқарор услуби глобал бошқарувдаги жиддий заифликларни юзага чиқарди ва Совуқ урушдан кейинги либерал халқаро тартибнинг парчаланишини тезлаштирди.

«Институционал издан чиқишнинг энг катта қурбонларидан бири Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, хусусан, унинг Хавфсизлик Кенгаши бўлди», — деб ҳисоблайди БМТ собиқ ходими. Унинг фикрича, Трамп сиёсати Хавфсизлик Кенгашининг қонунийлиги, ваколатлари ва самарадорлиги атрофидаги баҳс-мунозараларни янада кучайтирган.

Муаллиф кузатувчиларнинг фикрларига таяниб, илдиз отган геосиёсий рақобат, институционал инерция ва мустамлакачилик давридан қолган таркибий иерархия БМТ Хавфсизлик Кенгашини шундоқ ҳам фалаж аҳволга солиб қўйганини билдиради. Оқибатда ташкилот жиддий ўзгаришларни амалга ошириш ўрнига, ислоҳотларнинг дастлабки муҳокама босқичидаёқ қолиб кетди. АҚШнинг халқаро институтлардаги иштироки сусайиши бу инерцияни янада кучайтирган ва халқаро хавфсизлик органларининг узоқ муддатли барқарорлиги ҳамда нуфузи борасида жиддий саволларни ўртага ташлаган.

Мақолада келтирилишича, тарафдорлар Трамп маъмурияти сараланган, юқори даражадаги ҳамкорлик (масалан, ҳамфикр иттифоқчилар билан ишлаш ва умумий устувор йўналишлар бўйича БМТ Бош котиби билан мулоқот қилиш) орқали зарур институционал ислоҳотларни амалга оширишга интилмоқда, деб ҳисоблашади. Бироқ, муаллифнинг қўшимча қилишича, танқидчилар бу қадамларни глобал барқарорликдан кўра бевосита миллий манфаатларни устун қўйиш сифатида баҳоламоқда.

Кўп қутбли ва минтақавийлашган тартибнинг юзага келиши

Тадқиқотчи АҚШнинг глобал бошқарувдан чекиниши натижасида юзага келган қудрат бўшлиғи халқаро сиёсатнинг тубдан қайта шаклланишига туртки бераётганига эътибор қаратади. Бошқарувдаги бу бўшлиқни тўлдириш учун ўртача қудратга эга давлатлар ва минтақавий блоклар тобора кўпроқ саҳнага чиқмоқда. Бу кучлар минтақавий тизимлар ва муайян масалаларга қаратилган коалициялар тузиб, уларни Ғарб ҳукмронлигидаги анъанавий институтларга муҳим қўшимча ёки тўғридан-тўғри муқобил сифатида тақдим этмоқда.

Мақолада ёзилишича, бундай глобал бурилиш халқаро муносабатлар бўйича олимлар ва сиёсатчилар орасида Трамп мероси юзасидан қизғин баҳс-мунозараларни келтириб чиқарган.

Бир томондан, айримлар у келтириб чиқарган узилишлар ислоҳотлар ва тизимли барқарорлик учун ўзига хос катализатор бўлиб хизмат қилади, деб ҳисоблайди. Ўртача қудратга эга ва Ғарбга мансуб бўлмаган давлатларни минтақавий хавфсизлик ҳамда иқтисодий ҳамкорлик учун кўпроқ масъулиятни ўз зиммасига олишга ундаш орқали, трампизм замонавий геосиёсий воқеликларга жавоб бера оладиган янада инклюзив, реал ва кўп томонлама глобал тартибни шакллантираётгани илгари сурилади.

Бошқалар эса АҚШнинг кўп томонлама мажбуриятлардан воз кечиши жамоавий хавфсизлик келишувларини барбод қилгани ва халқаро институтлар нуфузига путур етказганидан огоҳлантирмоқда. Уларнинг нуқтаи назарига кўра, Ғарб етакчилигининг заифлашуви давомли стратегик рақобат, минтақавий беқарорлик ва муҳим халқаро форумларда хавфли бошқарув бўшлиқлари юзага келишига замин яратган.

Буюк давлат тушунчасининг қайта талқини

Фирас Даббағ Трамп президентлиги давридаги ташқи сиёсатни шунчаки вақтинчалик чекиниш ёки шахсий сиёсий услубдаги оддий ўзгариш сифатида қабул қилиб бўлмаслигини таъкидлайди. Унинг фикрича, бу ҳодиса бежизга «трампизм» деган доимий атамага муносиб кўрилмаган. Боиси, у халқаро давлат бошқарувининг ўзига хос ва келажакда ҳам такрорланиши мумкин бўлган янги парадигмасини яратди.

«Трампизм кутилмаган дипломатияни онгли равишда сиёсий қуролга айлантирди. У миллий фаровонликни халқаро институтлар барқарорлигидан устун қўйди ҳамда глобал бошқарув чекловларига қарши мутлақ миллий суверенитет ғоясини ҳимоя қилди», — деб ёзади муаллиф. Шу орқали бу оқим замонавий дунёда буюк давлатлар ўз таъсирини қандай ўтказиши мумкинлигини тубдан қайта белгилаб бераётгани қайд этилади.

Мақола сўнгида тадқиқотчи Трампнинг ташқи сиёсати замонавий халқаро тизимда ўчмас из қолдириши таъкидлайди. Либерал халқаро тартибнинг асосий тамойилларига қарши чиқиш орқали у кучлар мувозанатини бутунлай ўзгартирмоқда. Натижада дунё марказлашмаган бошқарув, кучайиб бораётган минтақавийлашув ва янги бошқарув моделларини узлуксиз излаш билан ажралиб турадиган янги даврга қадам қўйишга мажбур бўлмоқда.

Teglar

Mavzuga oid