Logo

Туркия президентининг рафиқаси Самарқандда болаларга сармоя киритиш ҳақида гапирди

Bugun 20:283 daqiqa

Эмине Эрдоған мактабга бориш ҳамиша сифатли таълим ва зўравонликдан ҳимояни англатмаслигини айтди.

Туркия президентининг рафиқаси Самарқандда болаларга сармоя киритиш ҳақида гапирди

Самарқандда болалар фаровонлигига бағишланган халқаро саммит бўлиб ўтмоқда. Унда сўзга чиққан Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоғаннинг рафиқаси Эмине Эрдоған 100 дан ортиқ давлат вакилларини уруш ҳудудларидаги болалар муаммосини ҳал этишга чақирди.

«Болалар фаровонлигига сармоя киритиш: келгуси авлодларнинг барқарор ва адолатли ривожланишига элтувчи йўл деб номланган Бутунжаҳон саммити Ўзбекистонда ўтказилмоқда. Бу овозни айниқса уруш ҳудудларида яшаётган, келажакка доир ҳеч қандай орзу қила олмайдиган болаларнинг муаммоларини ҳал этиш учун кўтарайлик», — деди Эрдоған.

Нутқда у Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий ва Хоразмий меросига мурожаат қилиб, Самарқанд бу мавзуни муҳокама қилиш учун рамзий маънога эга эканини таъкидлади.

«Биз учун бола — инсониятнинг юрагидир», — деди у.

Эрдоған болалар фаровонлигини ўлчашнинг анъанавий кўрсаткичлари (овқатланиш, бошпана, хавфсизлик, таълим, тиббий хизмат) бугунги кун учун етарли эмаслигини айтди. Унинг сўзларига кўра, мактабга бориш ҳамиша сифатли таълим ва зўравонликдан ҳимоя дегани эмас.

У иқлим инқирози, урушлар ва мажбурий кўчишдан ташқари иқлим хавотири, сунъий интеллект, рақамли зўравонлик ва диққатдан фойдаланиш каби янги хатарларни ҳам «бола фаровонлиги» таърифига киритиш зарурлигини билдирди.

Туркия тажрибаси

Эрдоған мамлакатида амалга оширилган ишларни санаб ўтди. 2025-йил «Оила йили» деб эълон қилинган, 2026–2035-йиллар «Оила ва аҳоли ўн йиллиги» деб белгиланган. 15 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиши чекланган, платформаларга ёшни тасдиқлаш ва ота-оналар назоратини таъминлаш мажбурияти юклатилган. UNICEF намунавий лойиҳа деб тан олган «Кўнгил элчилари» орқали 11 мингдан ортиқ бола васий оилаларда яшамоқда.

Ғазо ҳақида

Эрдоған Ғазода уч йилда 21 мингдан ортиқ бола ҳалок бўлгани, 10 мингдан зиёди доимий ногирон бўлиб қолганини айтди. Унинг маълумотига кўра, 197 тез ёрдам автомобили, 38 шифохона ва 96 тиббий марказ ишдан чиққан, 700 минг ўқувчи таълимдан маҳрум бўлган. Шунингдек, у болалик саратонидан ўлимларнинг 60 фоизи қуролли можаролар ҳудудларига тўғри келишини келтирди.

Саммитда яна кимлар сўзга чиқди
?

Тадбир президент Шавкат Мирзиёевнинг мурожаати билан очилди. Унда Зироат Мирзиёева, Шаҳноза Мирзиёева, БМТ Бош Ассамблеяси раиси ва БМТнинг болаларга нисбатан зўравонлик бўйича махсус вакили сўзга чиқди. БМТ бош котиби Антониу Гутерриш мурожаатини ташкилотнинг Ўзбекистондаги доимий координатори ўқиб эшиттирди. Умумжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Гебреисуснинг видеомурожаати ҳам намойиш этилди.

Шаҳноза Мирзиёева нима деди?

«Бугун биз ҳар бир мамлакат ва ҳар бир оила учун муҳим бўлган мавзу — болаларнинг фаровонлиги ҳақида гаплашиш учун йиғилдик. Биз кўпинча “Болалар — бизнинг келажагимиз”, деб айтамиз. Бу жуда чиройли гап. Аммо ўзим она бўлганимдан кейин бу сўзларни бошқача тушуна бошладим.

Чунки ота-она учун бола — бу фақат келажак эмас. Бола — бугунги кун. Ота-она бугун фарзанди ҳақида ўйлайди: у соғ-саломатми? Хавфсиз жойдами? Ўзини яхши ҳис қиляптими?

Менимча, болаларни ҳимоя қилиш ҳақидаги ҳар қандай суҳбат айнан шу саволлардан бошланиши керак. Қонунлар ёки рақамлардан эмас, балки оддий, инсонга хос бир саволдан: агар боланинг ёнида уни ҳимоя қила оладиган катта одам бўлмаса, у билан нима юз беради? Биз ҳар бир бола шуни билишини истаймиз: ёрдамга муҳтож бўлганингда, мамлакатинг сенга ёрдам беради.

Дунё ўзгариб бормоқда. Дунё ўзгаргани сари болалар ва оилалар дуч келаётган хавф-хатарлар ҳам ўзгармоқда. Рақамли дунё ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Дунёдаги беқарорлик ва кучайиб бораётган зиддиятлар ҳам оилаларнинг хавфсизлиги ва фаровонлигига таъсир кўрсатмоқда.

Ҳеч бир мамлакат бу муаммоларни ёлғиз ҳал қила олмайди. Биз бир-биримиздан ўрганишимиз керак. Ҳукуматлар, бизнес вакиллари, фуқаролик жамияти ва халқаро ташкилотларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришимиз зарур.

Биргаликда янги муҳитни шакллантиришимиз мумкин. Бу — зўравонликка мутлақо тоқат қилинмайдиган ва ҳар бир болага ҳеч қандай шартларсиз ҳурмат кўрсатиладиган муҳитдир.

Бугун болаларнинг бахти, соғлиғи ва хавфсизлиги бизнинг қўлимизда. Эртага эса мамлакатларимиз ва бутун сайёрамизнинг келажаги уларнинг қўлида бўлади. Бугун ҳали кичик ва нозик бўлган бу қўллар кун сайин кучайиб боради. Шунинг учун болалар олдидаги масъулиятимиз айнан бугундан бошланади», — деди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева.

Teglar

Mavzuga oid