Туркманистон «Галкиниш»да 10 млрд кубометрли газни қайта ишлаш заводини қуради

Kecha 18:062 daqiqa

Хитойлик ҳамкорлар иштирокида амалга ошириладиган лойиҳа Туркманистоннинг экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган.

Туркманистон «Галкиниш»да 10 млрд кубометрли газни қайта ишлаш заводини қуради © turkmenportal

Туркманистонда «Галкиниш» газ конини ўзлаштиришнинг тўртинчи босқичи доирасида йиллик қуввати 10 млрд кубометр бўлган газни қайта ишлаш заводи қуриш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда «Turkmengaz» вакили Аман Хасиетов маълум қилди.

Лойиҳа хитойлик ҳамкорлар билан ҳамкорликда амалга оширилади, у 30 та эксплуатацион қудуқ қазишни ўз ичига олади, шунингдек, инфратузилма ва ижтимоий объектлар қурилишини ҳам қамраб олади. Умумий инвестиция ҳажми тахминан 5 млрд долларга баҳоланмоқда.

Хасиетовга кўра, лойиҳада жаҳоннинг етакчи ишлаб чиқарувчилари технологиялари қўлланилади, бу эса келажакдаги ишлаб чиқариш мажмуасининг юқори технологик даражасини таъминлайди. Қурилишни 2030-йилга қадар якунлаш ва шундан сўнг газ етказиб беришни бошлаш режалаштирилган.

Газ таъминоти ички бозор ва ташқи бозорлар талаби асосида белгиланади.

«Галкиниш» – дунёдаги энг йирик газ конларидан бири

«Галкиниш» газ кони Туркманистоннинг шарқида жойлашган ва дунёдаги энг йирик газ конларидан бири ҳисобланади. Унинг захиралари 4 трлндан 14 трлн кубометргача баҳоланади. Кон 2006-йилда кашф этилган, 2013-йилдан эса саноат миқёсида газ қазиб олиш «Turkmengaz» бошқаруви остида бошланган.

«China National Petroleum Corporation» (CNPC) 2009-йилда шартномалар орқали лойиҳага кириб келган ва асосий хорижий ҳамкорлардан бирига айланган. Компания газни қайта ишлаш қувватлари, инфратузилма қурилишида фаол иштирок этган ва 2025-2026-йиллардаги янги босқични амалга ошириш учун танланган.

2026-йил март ойида «Turkmengaz» ва CNPC ўртасида «под ключ» асосида лойиҳалаш ва қурилиш бўйича шартнома имзоланган. Лойиҳа йилига 10 млрд кубометргача газ ишлаб чиқариш имконини беради ва мамлакатнинг экспорт салоҳиятини оширади.

Европага газ етказиб бериш режалари

Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередов Анталия дипломатик форумида сўзга чиқиб, мамлакат учун устувор йўналишлардан бири Европага газ етказиб бериш эканини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, Каспий денгизи орқали Европага газ етказиш бўйича ғоялар устида аввал ҳам иш олиб борилган.

«Türkmen Dünýäsi» бош муҳаррири Ботир Муродовнинг маълум қилишича, Туркманистон табиий газни Озарбайжон орқали Европага экспорт қилиш имкониятини ҳам кўриб чиқмоқда. Бу эса мамлакатнинг глобал энергетика бозоридаги ролини янада кучайтиришга қаратилган стратегик қадам сифатида баҳоланмоқда.

Teglar

Mavzuga oid