Logo

Туркманистон техник носозликдан сўнг «Толибон»га электр энергияси етказиб беришни тиклади

Bugun 13:552 daqiqa

Афғонистон электр энергиясининг қарийб 80 фоизини қўшни давлатлардан сотиб олади. Улар орасида Ўзбекистон ҳам бор. 2025-йилда икки давлат умумий қиймати қарийб 243 миллион доллар бўлган тўртта лойиҳа бўйича келишув имзолаган.

Туркманистон техник носозликдан сўнг «Толибон»га электр энергияси етказиб беришни тиклади © Ijtimoiy tarmoqlar

Туркманистон электр энергиясини узатишдаги техник муаммо сабаб узилиб қолган Афғонистонга электр етказиб беришни қайта тиклади. Бу ҳақда Афғонистоннинг миллий электр компанияси хабар берди.

Афғонистон миллий электр компанияси — «Da Afghanistan Breshna Sherkat» (DABS) — Туркманистон электр таъминоти идораси «Туркменэнерго» билан мувофиқлаштирилган ҳолда техник муаммо бартараф этилганидан сўнг, Туркманистондан келадиган электр узатиш линиялари босқичма-босқич қайта ишга туширилганини билдирди. DABS маълумотларига кўра, Туркманистондан импорт қилинаётган электр энергияси яна одатдаги ҳолатга қайтган. Электр таъминоти узилган ҳудудларда ҳам вазият аста-секин тикланиши кутилмоқда.

Носозлик вақтида Афғонистон электр компанияси электр таъминотидаги танқисликни қоплаш ва зарар кўрган ҳудудларни имкон қадар электр билан таъминлаш учун мавжуд электр тармоғи қувватидан, шунингдек, Ўзбекистон, Эрон ва Тожикистондан олинадиган муқобил электр энергиясидан фойдаланган.

«Эндиликда техник муаммо тўлиқ бартараф этилди. Туркманистондан импорт қилинаётган электр энергияси Афғонистонга қайта уланди ва электр таъминоти узилган ҳудудларда вазият аста-секин нормал ҳолатга қайтади», — дейилади баёнотда.

Электр таъминотидаги узилиш Афғонистоннинг шимолий ва ғарбий вилоятларининг бир қаторига, жумладан, Балх, Жузжон, Сарипул, Фарёб, Бодғиз, Ҳирот ва Саманган вилоятларига таъсир кўрсатган. Афғонистон электр энергиясининг катта қисмини импорт қилади. Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон ва Эрон мамлакатнинг асосий ташқи электр етказиб берувчилари ҳисобланади. Жаҳон банки аввалроқ DABS электр энергиясининг қарийб 80 фоизини қўшни давлатлардан сотиб олишини маълум қилган.

Туркманистон Афғонистоннинг шимолий ва ғарбий вилоятларига бир нечта трансчегаравий электр узатиш йўналишлари орқали электр етказиб берувчи йирик давлатлардан биридир. Улар қаторида 2021-йилда ишга туширилган Керки–Шибирғон электр узатиш линияси ҳам бор. Ўзбекистон ҳам Афғонистон электр энергетикаси соҳасидаги ролини кенгайтирмоқда. 2025-йилда икки давлат умумий қиймати қарийб 243 миллион доллар бўлган тўртта энергетика лойиҳаси бўйича келишув имзолаган. Улар орасида 500 киловолтли Сурхон–Дашти Алвон электр узатиш линияси ҳам мавжуд. Ушбу лойиҳалар Афғонистоннинг Ўзбекистондан 800–1000 мегаватт миқдорида электр энергияси қабул қилиш имкониятини оширишга қаратилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистоннинг собиқ вазири Ўзбекистоннинг Қўштепа каналини баҳс остига қўйиш учун асослари етарли эмаслигини айтганди.

Teglar

Mavzuga oid