Уй-жойлардан банк ва заводларгача: Ўзбекистон хусусийлаштиришининг 35 йили
Мустақилликнинг илк йилларида хусусийлаштириш, аввало, одамларни уй-жой ва кичик бизнес эгасига айлантирди. 2017 йилдан кейинги тўлқин эса банк, кимё, цемент, автомобилсозлик, тўлов тизими ва телекоммуникациядаги йирик активларга етиб борди. Рекорд савдо ҳажмлари ислоҳот тезлашганини кўрсатади. Аммо улар давлатнинг иқтисодиётдаги оғирлиги кескин камайганини ҳали англатмайди.
© Ijtimoiy tarmoqlarЎзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига келиб хусусийлаштириш харитаси бутунлай ўзгарди. 1990 йилларда унинг рамзи хусусий мулкка айланган хонадон, дўкон ёки маиший хизмат шохобчаси эди. Бугун эса гап юзлаб миллион долларлик банк, кимё заводи, цемент корхонаси, автомобиль ишлаб чиқарувчиси ва мобиль алоқа оператори ҳақида кетмоқда.
Суръат ҳам ўзгарган. Fitch Ratings’нинг дастлабки ҳисобига кўра, 2021—2025 йилларда қарийб 5,1 млрд долларлик давлат активлари хусусийлаштирилган, шундан 1,6 млрд доллари 2025 йилга тўғри келади. 2026 йил майида эса Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси — UzNIF’нинг Лондон ва Тошкентдаги IPOсининг ўзи 690 млн доллардан ортиқ маблағ жалб қилди. IPOда қатнашган ҳар бир ўзбекистонлик ўртача 31,5 млн сўмлик акциялар сотиб олди.
Биринчи хусусийлаштириш: мулкдорлар қатламини яратиш
Жараённинг ҳуқуқий пойдевори мустақилликнинг дастлабки ойларидаёқ қўйилди. 1991 йил 19 ноябрда “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. 1992—1993 йиллардаги “кичик хусусийлаштириш” уй-жой фонди, савдо ва умумий овқатланиш, маиший хизмат ҳамда маҳаллий саноат объектларини қамраб олди.
Ўша даврнинг асосий вазифаси самарадорлик кўрсаткичини бирдан ошириш эмас, режали иқтисодиётдан қолган давлат мулки ёнида хусусий мулкдорлар қатламини яратиш эди. Натижа кўлами катта бўлди.
Бир академик тадқиқотга кўра, 1992 йил охиридан 1994 йил ўрталаригача 53 мингта бизнес сотилган ёки асосан уларнинг ходимларига ижарага берилган; 1996 йил охирига келиб кичик хусусийлаштириш деярли тугалланган.
Аммо кейинги қадам — йирик саноат корхоналарида назоратни хусусий эгага ўтказиш — анча секин кечди. 1990 йиллар ўртасидаги оммавий хусусийлаштириш дастурларида инвестиция фондларига кўпинча 30 фоиздан ошмайдиган миноритар пакетлар таклиф қилинди.
Ҳатто 1994 йилги давлат дастурида ёқилғи-энергетика, кончилик ва пахтани қайта ишлаш каби тармоқларда назорат пакетини давлатда қолдириш кўзда тутилган эди.
UzBAT бундан қисман мустасно бўлди. 1994 йилда тамаки саноати British American Tobacco иштирокидаги қўшма корхонага ўтди ва мамлакатга ўша давр учун жуда йирик хорижий сармоя кирди.
Бироқ ушбу тажриба бошқа сабоқни ҳам берди: Лондон гигиена ва тропик тиббиёт мактаби тадқиқотчилари битим натижасида ишлаб чиқариш монополияси шаклланганини қайд этган.
2025 йилда давлат UzBAT’да қолган 2,6 фоиз улушини ҳам 269,7 млрд сўмга BAT’га сотди.
Демак, биринчи босқичнинг тарихий ютуғи хусусий мулк институтини кундалик ҳаётга олиб киргани бўлди. Аммо иқтисодиётнинг “катта устунлари” — банклар, энергетика, транспорт, кончилик, металлургия ва йирик саноат асосан давлат назоратида қолди.
2017 йилдан кейинги бурилиш: объект эмас, бизнес сотиш
Янги давр валюта бозорининг эркинлаштирилиши, нарх ва савдо чекловларининг юмшатилиши билан бошланди. 2020 йилда давлат корхоналарини ислоҳ қилиш ва активларни хусусийлаштириш бўйича янги дастур қабул қилинди.
2021—2025 йиллар стратегияси давлат корхоналари сонини 75 фоизга қисқартиришни мақсад қилди. 2024 йилда эса 1991 йилдаги ҳуқуқий база ўрнини “Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида”ги янги қонун эгаллади. Унда очиқлик, ҳисобдорлик, тенг рақобат ва коррупцияга йўл қўймаслик алоҳида принцип сифатида белгиланди.
Ёндашув ҳам профессионаллашди. Йирик битимларда халқаро инвестиция банклари, “катта тўртлик” аудиторлари ва юридик маслаҳатчилар жалб қилина бошлади.
Инвесторлар виртуал маълумотлар хонасига киради, корхона молиявий ва ҳуқуқий текширувдан ўтади, мажбурий нарх таклифлари йиғилади. Бу эски маъмурий савдолардан анча фарқ қилади.
Расмий маълумотга кўра, 2021—2024 йилларда 47 трлн сўмлик давлат активлари сотилган — бу аввалги ўн йилликдагидан 30 баравар кўп. Бу даврда корхоналар сони икки баравар камайган ва давлатнинг иқтисодиётдаги улуши 13 фоизга қисқарган.
Сўнгги йиллардаги йирик битимлар
Қуйидаги жадвал битим қиймати билан кейинги инвестиция мажбуриятини ажратиб кўрсатади. Бу муҳим: корхонани сотиб олиш учун тўланган пул бюджетга тушади, инвестиция мажбурияти эса кейинчалик бизнеснинг ўзига йўналтирилади.
Актив | Йил ва сотилган улуш | Харидор ёки инвесторлар | Сотув қиймати | Ҳолати ва муҳим изоҳ |
2026, қарийб 35% | Лондон ва Тошкент биржаларидаги инвесторлар | 690 млн доллардан ортиқ | Ўзбекистоннинг илк халқаро IPOси; тушум акцияларни сотган Иқтисодиёт ва молия вазирлигига йўналтирилди | |
2023, биринчи босқичда 73,71% | Венгриянинг OTP Bank’и | Йирик давлат банкининг хорижий стратегик инвесторга ўтиши бўйича биринчи катта битим | ||
2021, 57,118% | Coca-Cola İçecek | 252,28 млн доллар | Битим бутун компанияни қарийб 430 млн долларга баҳолаган; кейинчалик 250 млн доллар сармоя киритилган | |
2021/2022, 86,92% | United Cement Group | 1,89 трлн сўм, ўша пайтда қарийб 175 млн доллар | Расмий баҳолашдан юқори деб кўрсатилган, аммо бозор нархи ва тармоқдаги концентрация юзасидан баҳслар бўлган | |
2023, 99,02% | Сингапурнинг Indorama корпорацияси | қарийб 140 млн доллар | 100 млн долларлик модернизация мажбурияти; акциялар ўтиши 2023 йил 30 ноябрда якунланган | |
2025, 75,2% | Туркиянинг Anadolu Isuzu компанияси | 80 млн доллар | Яна 80 млн долларлик инвестиция режаси бор; тўлов ва улуш ўтиши 2025 йил декабрда якунланган | |
2025, 100% | Paynet | 65 млн доллар | Узлуксиз ишлаш ҳамда шахсий ва банк маълумотларини ҳимоя қилиш мажбурияти билан сотилган | |
2026, 50% | Roodell | 585,8 млрд сўм, қарийб 49 млн доллар | Электрон аукциондаги нарх бошланғич қийматдан қарийб 50 фоиз юқори бўлган |
Рўйхат бундан кенгроқ. 2024 йилда “Lotte City Hotel Tashkent Palace” учун 20 млн доллар, “International” меҳмонхонаси учун 26 млн доллар таклиф қилган талабгорлар савдо ғолиби деб топилди; иккинчи харидор корхонанинг 14,7 млн евролик кредитини ҳам зиммасига олди.

“Фотон”, “Темирйўлконтейнер”, Қўнғирот сода заводи ва бошқа корхоналар ҳам янги тўлқиннинг бир қисми бўлганди.
Фонд бозоридаги сакраш: “Кварц”дан UzNIF’гача
Хусусийлаштиришнинг яна бир йўли — акцияларни кенг оммага таклиф қилиш. Ўзбекистоннинг илк IPOси 2018 йилда “Кварц” билан ўтказилди. Таклиф қилинган акцияларнинг 54 фоизи сотилиб, 7,5 млрд сўмдан ортиқ маблағ жалб қилинди ва 3 305 киши акциядорга айланди.
2023 йилги UzAuto Motors IPOси ҳажм жиҳатидан каттароқ, талаб нуқтаи назаридан эса огоҳлантирувчи бўлди: 56,9 млрд сўмлик буюртма тушди, лекин бу таклифнинг атиги 29,1 фоизини қоплади. 2024 йилдаги ЎзРТХБ “халқ IPO”сида 3 млн донадан ортиқ акция сотилиб, 11 минг киши янги акциядорга айланди.
UzNIF бу тажрибалардан бошқа миқёсга чиқди. Фонд энергетика, транспорт, телекоммуникация ва банк соҳасидаги 13 та давлат компаниясининг миноритар улушларини бир портфелга жамлади; бошқарувга Franklin Templeton жалб қилинди.
IPOда глобал институционал инвесторлар томонидан 2,8 млрд доллардан ортиқ буюртма берилди. Бу давлат активига халқаро бозор нархи шаклланиши, ошкоралик ва корпоратив бошқарув талабларининг кучайиши нуқтаи назаридан тарихий воқеа.
Лекин UzNIF давлат компанияларини тўлиқ хусусийлаштирмади. Сотилган нарса — уларга эгалик қилувчи фонднинг кичик қисмидир. Назорат ҳозирча давлатда қолди.
Шунга қарамасдан, Халқаро валюта жамғармаси ҳам фонднинг ташкил этилиши корхоналарни ислоҳ қилиш ўрнини боса олмаслигини таъкидлайди. Энди асосий мезон IPO куни йиғилган сумма эмас, портфелдаги компанияларнинг бошқаруви, рентабеллиги ва ахборот очиқлиги қандай ўзгаришидир.
“Сотилди” деган хабар ҳали битим ёпилди дегани эмас
2026 йил июнида MobiUz’нинг 100 фоиз давлат улуши бўйича АҚШнинг McKim and Company компанияси бошчилигидаги консорциум ғолиб деб топилди. Таклифда оператор 351 млн долларга баҳоланган ва инфратузилмага 500 млн долларгача инвестиция режалаштирилган.
Аммо расмий хабарнинг ўзида битимни ёпиш учун регулятор рухсатлари, корпоратив ва ҳуқуқий тартиблар бажарилиши кераклиги ёзилган. Шунинг учун очиқ расмий маълумотлар асосида, 2026 йил 23 август ҳолатига MobiUz’ни “сотуви тўлиқ якунланган актив” эмас, ғолиби танланган ва ёпилиш босқичидаги битим деб кўрсатиш аниқроқ.
Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи бунинг нега муҳимлигини кўрсатади. 2022 йилда Saneg’га сотилиши ва катта модернизация дастури эълон қилинган заводда кейинчалик давлат 58,5 фоиз улушни сақлаб қолгани маълум бўлди.
2026 йил июнида эса корхона яна 100 фоиз давлат эгалигига қайтди. Демак, хусусийлаштириш натижасини эълон санаси билан эмас, тўлов, улушнинг ўтиши ва инвестиция мажбуриятларининг бажарилиши билан ўлчаш керак.
Навбатдаги катта синовлар
2025 йилги дастурда UzAuto Motors, Uzbekistan GTL, Навоийазот, Ўзметкомбинат ва қатор иссиқлик электр станцияларидаги давлат улушларини халқаро савдога чиқариш белгиланган эди. 2026 йил апрелида UzAuto Motors, Навоийазот ва иссиқлик электр станцияларини тайёрлаш ишлари давом этаётгани айтилди.
Июлда эса 66 та корхонадаги давлат улуши, 1 300 та кўчмас мулк ва 8 минг гектар ерни қамраб оладиган, умумий қиймати 100 трлн сўмга баҳоланган янги дастур тайёрланаётгани маълум қилинди.
Шу билан бирга, Навоий кон-металлургия компаниясининг Лондон ва Тошкентдаги IPOси 2026 йил баҳорида тўхтатиб турилгани ҳақида халқаро ОАВ хабар берди.
Банклар бўйича ҳам дастлабки жадвал бажарилмади: 2020 йилги стратегияда олтита давлат банкини 2025 йилгача хусусийлаштириш кўзда тутилган бўлса, бу даврда йирик банклардан фақат Ипотека-банк хусусий бошқарувга ўтди. Янги стратегияда навбатдаги банк сотувларининг бошланиши 2027 йилга сурилган.
Шундай қилиб, мустақилликнинг илк хусусийлаштириши Ўзбекистонда уй эгаси, дўкон эгаси ва кичик тадбиркорлар қатламини яратди.
Сўнгги йиллардаги босқич эса йирик корхоналар устидан давлат назоратини камайтиришга уринмоқда. Биринчи жараён мулкчилик харитасини кенгайтирди; иккинчисининг вазифаси иқтисодиётнинг тузилишини ўзгартиришдир.
35 йиллик тарихнинг ҳозирги хулосаси шуки, Ўзбекистон хусусийлаштиришни энди бошлаётгани йўқ — у кичик хусусийлаштиришни анча олдин тугатган. Аммо стратегик активлар бўйича энг мураккаб қисмига энди кириб бормоқда.
Бу босқичнинг муваффақияти сотилган лотлар сони ёки бюджетга тушган маблағ билан эмас, давлатнинг бозорни бошқарувчи мулкдордан холис регуляторга айлана олиши, хусусий компаниялар ўртасида ҳақиқий рақобат пайдо бўлиши ва истеъмолчи бундан нима ютиши билан ўлчанади.
Teglar






