Илҳом Алиев Ўзбекистон президентини «Ҳайдар Алиев» ордени билан тақдирлади
Ўз навбатида, Озарбайжон раҳбарига Ўзбекистоннинг «Олий Даражали Дўстлик» ордени топширилди.
© president.uzКўксарой қароргоҳида Ўзбекистон ва Озарбайжон президентларини икки мамлакатнинг олий давлат мукофотлари билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Унга кўра, Озарбайжон президентининг қардош мамлакатлар ўртасидаги дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашдаги хизматларига нисбатан Ўзбекистон халқининг самимий ҳурмати ва эътирофининг ифодаси сифатида Илҳом Алиевга Ўзбекистоннинг олий давлат мукофоти — «Олий Даражали Дўстлик» ордени топширилди.
«Сиз улуғ отангиз — атоқли давлат арбоби Ҳайдар Алиевнинг ишини муносиб давом эттирмоқдасиз. Сизнинг раҳбарлигингиздаги оқилона ислоҳотлар туфайли Озарбайжон тараққиёт борасида ва халқаро майдонда улкан ютуқларга эришмоқда», — деди Мирзиёев.
Илҳом Алиевнинг Ўзбекистон – Озарбайжон кўп қиррали муносабатларини кенгайтиришга қўшаётган ҳиссаси ҳам алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Алиев юксак эътироф учун Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистон халқига миннатдорлик изҳор этиб, дўстлик ва ўзаро ҳурмат руҳидаги ҳар томонлама ҳамкорлик янада мустаҳкамланишига ишонч билдирди.
Шундан сўнг Ўзбекистон президенти Озарбайжоннинг олий давлат мукофоти — «Ҳайдар Алиев» ордени билан тақдирланди. Мукофотни Алиевнинг ўзи топширди.
Ўзбекистон етакчиси Озарбайжон президенти ва қардош Озарбайжон халқига чуқур миннатдорлик билдириб, ушбу мукофотни абадий дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш йўлидаги қўшма саъй-ҳаракатларга берилган юксак баҳо сифатида қабул қилишини таъкидлади.
«Мазкур орден мен учун алоҳида аҳамиятга эга. Унга бутун умрини ватанига хизмат қилишга бағишлаган улуғ давлат арбоби Ҳайдар Алиевич Алиевнинг номи берилган. Айнан шу инсон Озарбайжоннинг келгуси тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор яратди», — деди Шавкат Мирзиёев.
Ҳайдар Алиев Ўзбекистон тарихи ва маданиятини юксак қадрлагани, икки халқ яқинлашувига салмоқли ҳисса қўшгани таъкидланди. Ўзбекистон ва Озарбайжон келгусида ҳам барча соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириб, қардошлик муносабатлари эса янги амалий мазмун билан бойиб боришига ишонч билдирилди.
Маълумот учун, «Ҳайдар Алиев» орденига турли йилларда Франция президенти Жак Ширак, Қувайт амири Сабоҳ ас-Сабоҳ, Туркия президенти Ражап Тоййиб Эрдўған, Италия президенти Сержо Маттарелла ва бошқа кўплаб давлат арбоблари сазовор бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ва Озарбайжон президентлари Олий давлатлараро кенгашнинг учинчи йиғилишини ўтказганди.





