Uzum Market «Global» бўлими орқали халқаро савдога чиқди
09.09.2025 | 08:203 daqiqa
Uzum Market янги «Global» бўлими орқали ўзбек харидорларига хорижий товарларга онлайн буюртма бериш имконини таклиф этмоқда. Бўлим тест режимида иш бошлади.

Ўзбекистонда электрон савдо бозори жадал ривожланаётган бир пайтда, маҳаллий маркетплейслар халқаро бозорга интеграцияга интилмоқда. Uzum Market шундай саъй-ҳаракатлар доирасида янги «Uzum Market Global» бўлимни тест режимида ишга туширди.
Ушбу бўлим орқали харидорлар хорижий сотувчилардан тўғридан тўғри маҳсулотларга буюртма беришлари мумкин. Дастлабки босқичда асосан Хитой ва бошқа Осиё мамлакатларидан келтириладиган кийим-кечак, пойабзал, аксессуарлар, косметика, электроника ва маиший техника каби турли товарлар таклиф этиляпти.
«Global» бўлимидаги маҳсулотлар алоҳида кўрсатилади, умумий қидирув натижаларида чиқмайди. Товарларни етказиб бериш муддати ўртача 20–25 кунни ташкил этади. Ҳозирча буюртмаларни UzPost бўлимлари орқали олиш мумкин. Келгусида Uzum Market ўзининг алоҳида топшириш пунктларини ташкил қилишни режалаштирмоқда.
Харидорларга қулайлик яратиш мақсадида барча товарлар алоҳида саватда жамланади. Тест босқичида етказиб бериш хизматлари бепул бўлади. Барча нархлар солиқларни ҳисобга олган ҳолда кўрсатилади. Агар харид божхона лимитидан ошса, ортиқча сумма учун 30 фоизлик тўлов қўлланилади.
Uzum Market Global нафақат пойтахт, балки чекка ҳудудларда ҳам харидорларга жаҳон бозоридан товар танлаш имконини беради. Бу электрон тижорат бозорида янги босқич бўлиб, Ўзбекистоннинг глобал савдо майдонига тезкор интеграциясини таъминлайди.



