Венесуэла АҚШни ҳарбий тажовузда айблади
Каракасда портлашлар фонида расмий ҳукумат АҚШ ҳаракатларини минтақавий тинчликка очиқчасига таҳдид деб баҳоламоқда.

Венесуэла ҳукумати АҚШ томонидан мамлакат ҳудудига нисбатан ҳарбий тажовуз амалга оширилганини маълум қилди. Расмий баёнотларда Каракас ва бир қатор штатларда кузатилган портлашлар минтақавий хавфсизликка жиддий таҳдид сифатида баҳоланди.
Венесуэла мудофаа вазири видеомурожаатида АҚШ ҳаракатларини “жирканч ва қўрқоқликка хос ҳужум” деб атади. Унинг таъкидлашича, бундай ҳаракатлар Лотин Америкасида тинчлик ва барқарорликни издан чиқариши мумкин. Айрим ОАВларда мудофаа вазирининг уйига зарба берилгани ва унинг ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди, аммо бу маълумотлар расман тасдиқланмади.
Венесуэла Ташқи ишлар вазирлиги эса алоҳида баёнот билан чиқиб, АҚШнинг Каракас шаҳридаги фуқаролик ва ҳарбий ҳудудлар, шунингдек, Миранда, Арагуа ва Ла-Гуайра штатларида амалга оширилган ҳаракатларини очиқ ҳарбий тажовуз сифатида қоралади. Баёнотда бу ҳаракатлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомини қўпол равишда бузиши қайд этилди.
Вазирликнинг таъкидлашича, содир бўлаётган воқеалар нафақат Венесуэла, балки бутун минтақа хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатади. Айниқса, Лотин Америкаси ва Кариб денгизи минтақасида миллионлаб одамлар ҳаёти хавф остида қолиши мумкинлиги уқтирилди.
Мамлакатда эса хавфсизлик чоралари кучайтирилиб, фавқулодда ҳолат эълон қилинди.





