Wildberries дрон ҳужумларидан зарар кўрган сотувчиларга товон тўлайдиган бўлди
Омборларга қилинган ҳужумлар натижасидаги иқтисодий зарар камида 180 миллиард рублга баҳоланмоқда.

Wildberries Украина дрон ҳужумларидан зарар кўрган кичик бизнес субъектларига компенсация тўлашни бошлади.
Компания бош директори Татяна Кимнинг маълум қилишича, биринчи босқичда Электросталдаги омборда товарлари сақланган қарийб 88 минг нафар кичик сотувчи молиявий компенсация олади.
Шу билан бирга, Татяна Ким компания офертасида дрон ҳужумлари каби фавқулодда ҳолатларда Wildberries жавобгарликдан озод этилиши белгиланганини эслатди. Ушбу таҳрир 2026-йил 7-июлдан кучга кирган бўлса-да, компания сотувчиларни қўллаб-қувватлашини билдирди.
Йирик бизнес режаси
Wildberries ҳозирда ўрта ва йирик сотувчилар учун алоҳида «сотув симулятори» деб аталган компенсация механизмини ишлаб чиқмоқда.
Механизмга кўра, тадбиркорлар товарлари амалда ёниб кетган бўлса ҳам, тўловларни улар омбордан одатдагидек сотилганида қандай тушум олган бўлса, худди шу тартибда қабул қилади. Яъни ҳисоб-китоблар товар сотилиш тезлиги, нархи ва амалдаги чегирмалар асосида амалга оширилади.
Компания бу ёндашув орқали омборлардаги ҳужумлар туфайли фаолияти издан чиққан сотувчиларнинг молиявий босимини юмшатишни мақсад қилган.
Зарар кўлами катта
Wildberries омборларига биринчи дрон ҳужуми 18-июлга ўтар кечаси Тамбов вилоятидаги Котовск ва Москва вилоятидаги Электростал логистика марказларига қилинди.
Кейинги ҳужум 22-июлга ўтар кечаси Краснодар ҳамда Ставропол ўлкасидаги Невиномисск омборларига қаратилди.
Россия Тергов қўмитаси ушбу ҳодисаларни теракт сифатида баҳолаган. Таҳлилчилар маълумотларига кўра, Тамбов ва Москва вилоятидаги ёнғинлар камида 150 миллиард рубллик товарларни йўқ қилган. Ёниб кетган захиралар қиймати 170–230 миллиард рублгача баҳоланмоқда.





