Тошкентда қурилиш сабаб қабристон девори қулади, қабр тошлари шикастланди
Собиқ шампан винзаводи ҳудудида ноқонуний қурилиш оқибатида Боткин қабристони девори қулаб тушди.
© Videodan kadrТошкент шаҳридаги собиқ шампан винзаводи ҳудудида олиб борилган қурилиш ишлари вақтида Боткин қабристонини ажратиб турувчи девор қулаб тушди. Оқибатда 15-секторнинг сўнгги қаторидаги бир нечта қабр тошларига шикаст етган. Ҳолат юзасидан пойтахт ҳокимлиги изоҳ берди.
Дастлабки ўрганишлар натижасига кўра, девор қулаши оқибатида фақат қабр тошлари зарар кўрган, қабрларнинг ўзи очилмаган ва уларга зиён етмаган.
«Қоидабузарликлар билан олиб борилган қурилиш ишлари тўхтатилди, масъул шахслар аниқланди. Ҳодиса тафсилотлари ва масъул шахсларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади. Айбдорлар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади», — дейилади ҳокимлик муносабатида.
Вазиятга сабабчи бўлган буюртмачи ва пудрат ташкилотига девор қулаши оқибатларини бартараф этиш ҳамда шикастланган қабр тошларини тиклаш мажбурияти юклатилган. Қурилиш ташкилоти вакиллари узр сўраб, тиклаш ишларини ҳафта охирига қадар якунлашларини маълум қилган.
«Ўтганлар хотираси ва уларнинг яқинлари ҳис-туйғуларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш шарт», - дейилади ҳокимлик муносабатда.
Ҳокимлик тиклаш ишлари назоратда бўлишини ва вазият юзасидан жамоатчиликка маълумот бериб борилишини билдирган.


