Logo

«Wildberries» Россиядаги дрон ҳужумларидан кейин Қозоғистондан 100 минг квадрат метр омбор изламоқда

Bugun 16:533 daqiqa

Мамлакатда сифатли омборлар майдони 2,4 млн квадрат метрни ташкил этади, шундан атиги 130 минг квадрат метри бўш. Бу майдонлар ҳам турли шаҳарларга тарқалган бўлиб, ягона 100 минг квадрат метрлик объект мавжуд эмас.

«Wildberries» Россиядаги дрон ҳужумларидан кейин Қозоғистондан 100 минг квадрат метр омбор изламоқда © Foto: Kommersant

Россиянинг энг йирик маркетплейсларидан бири «Wildberries» Қозоғистонда 100 минг квадрат метрга яқин омбор майдони ижарага олиш имкониятларини ўрганмоқда. Манбаларга кўра, компания мамлакатдаги мавжуд бўш омборларнинг деярли барчасини ижарага олишга тайёр. Бу ҳақда «Коммерсант» хабар берди.

Бу қарорга Россияда «Wildberries» омборларига дронлар ҳужумлари кўпайгани сабаб бўлган. Компания хавфни камайтириш учун айрим сотувчилар товарларини Қозоғистон омборларига кўчиришни режалаштирмоқда.

«Wildberries» бу маълумотга тўлиқ изоҳ бермаган, аммо Қозоғистонда логистика инфратузилмасини кенгайтириш ишлари режа асосида давом этаётганини билдирди. Ҳозирда Олмаота шаҳрида 100 минг квадрат метрдан ортиқ, Остонада эса 160 минг квадрат метрлик янги логистика марказлари қурилмоқда.

Қозоғистонда бундай объектни топиш осон бўлмайди

Шу билан бирга, Қозоғистонда бундай ҳажмдаги бўш омборларни топиш осон эмас. «NF Group» маълумотларига кўра, 2025-йил охирида мамлакатда 1,9 млн квадрат метр сифатли логистика майдони мавжуд бўлган, аммо уларнинг атиги 5,8 фоизи бўш эди.

Мамлакатда сифатли омборлар майдони 2,4 млн квадрат метрни ташкил этади, шундан атиги 130 минг квадрат метри бўш. Омбор ижарасининг ўртача нархи ойига ҳар квадрат метр учун 5,18 минг тенге (10,78 доллар), йиллик ҳисобда эса 130 долларни ташкил этади. Бу майдонлар ҳам турли шаҳарларга тарқалган бўлиб, ягона 100 минг квадрат метрлик объект мавжуд эмас.

Омборларни ижарага олиш ҳам арзон эмас. Қозоғистонда ижара нархлари деярли Москвадаги нархлар билан тенглашган. Мутахассислар фикрича, Қозоғистон омборларига товарларни кўчириш логистика харажатларини камайтирмайди. Бироқ Россия, Қозоғистон ва Беларусь Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлгани учун товарлар бу давлатлар ўртасида эркин ҳаракатланиши мумкин.

Шу билан бирга, «Wildberries» Россияда ҳам янги омборлар қидиришда давом этмоқда. Аммо кўплаб омбор эгалари компанияга биноларини ижарага беришни истамаяпти. Сабаб — «Wildberries» объектлари дрон ҳужумлари учун эҳтимолий нишонга айлангани ва стандарт суғурта полислари бундай ҳужумлардан келган зарарни қопламаслигидир. Экспертлар таъкидлашича, дрон ҳужумларини қамраб оладиган суғурта жуда қиммат ва амалда саноат объектлари учун деярли мавжуд эмас. Шунинг учун омбор эгалари хавфни ўз зиммасига олишни истамаяпти.

«Wildberries»га ҳужумлар

18-июлдан бошлаб Украина Москва вилоятининг Электросталь шаҳри (250 минг кв. м), Тамбов вилоятининг Котовск шаҳри (108 минг кв. м), Краснодар (100 минг кв. м), Ставрополь ўлкасининг Невинномисск шаҳри (94 минг кв. м), шунингдек Санкт-Петербург, Ленинград вилояти ва Рязандаги «Wildberries» омборларига ҳужум қилди. Омборлардаги товарларнинг катта қисми кредит ҳисобидан харид қилинган бўлиб, улар учун солиқлар тўланган ва етказиб берувчилар олдидаги мажбуриятлар сақланиб қолган.

Украина президенти Владимир Зеленский ҳужумларни омборларда гўёки дронлар учун эҳтиёт қисмлар ва навигация ускуналари сақлангани билан изоҳлаган. «Wildberries» Украина ҳужумларидан жабр кўрган сотувчиларга товон тўлашни бошлади. Маркетплейс офертасига кўра, компания дрон ҳужумлари учун жавобгар эмас. Шунга қарамай, компания раҳбари Татьяна Ким сотувчиларни «ёлғиз қолдирмаслигини» билдирди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, иқтисодий зарар камида 180 млрд рублни (тахминан 2 млрд 263 млн доллар) ташкил этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина «Wildberries»нинг яна учта омборига зарба берганди.

Teglar

Mavzuga oid