«Халқ банки»нинг шуъба мудирига жиноят иши қўзғатилди
Бухоро вилояти Ромитан туманида «Халқ банки» стандарт банк хизматлари маркази шуъба мудири 800 млн сўм кредит олиб беришни ваъда қилиб, эвазида пора талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда икки ҳудудда кредит ва субсидия ажратиш билан боғлиқ коррупсион ҳолатлар фош этилди. Гумонланувчилар пора талаб қилган вақтида ушланган.
Бухоро вилоятининг Ромитан туманида АТ «Халқ банки» стандарт банк хизматлари маркази шуъба мудири 800 млн сўм кредит олиб бериш эвазига 2 минг АҚШ доллари талаб қилган. У пулнинг 1000 долларини учинчи шахс орқали олган пайтда тезкор гуруҳ томонидан ушланди.
Ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 3-қисми «в» банди ва 28,192 прим 9-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланган.
Сирдарёдаги ҳолат
Сирдарё вилоятида тадбиркорлик субъектларига микроқарз бериш билан шуғулланувчи МЧЖнинг Гулистон филиали менежери имтиёзли уй-жой субсидияси ажратишда ёрдам бериш эвазига 8 минг АҚШ доллари талаб қилган.
У Оқолтин туманида яшовчи фуқарога субсидия ажратиш масаласида ёрдам ваъда қилиб, 96 млн сўм олган вақтида ДХХ ва ИЖҚКД ходимлари томонидан ушланди.
Мазкур ҳолат юзасидан менежерга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «а» банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Унга «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.
Ҳар икки ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда.





