Logo

Халқаро чемпионат ғолибига 1,1 млрд сўм: техникум ўқитувчилари учун қандай рағбатлар жорий этилди?

Bugun 19:303 daqiqa

Техникум ўқитувчиларининг маошига 200 фоизгача рағбат, сертификати борларга эса 50 фоиз устама тўланади. «Йил ўқитувчиси» танлови техникумлар ўртасида ҳам ўтказилади. Пешқадам техникумлар эса ҳар йили 1,32 млрд сўмдан рағбатлантирилади.

Халқаро чемпионат ғолибига 1,1 млрд сўм: техникум ўқитувчилари учун қандай рағбатлар жорий этилди? © Foto: stat.uz

Касбий таълим агентлиги ахборот хизмати раҳбари Садоқат Самандарова Медиа контент тайёрлаш марказида брифингда техникум педагоглари учун яратилаётган имкониятлар ҳақида маълумот берди.

Халқаро ва маҳаллий танловлар учун мукофотлар

Брифингда танлов ва халқаро мусобақалардаги натижалар учун ҳам мукофотлар белгилангани айтилди. «Янги Ўзбекистон касбий маҳорат» танлови ғолиблари ва уларга бириктирилган амалиёт устозларига қуйидаги миқдорда пул мукофоти берилади:

— биринчи ўрин учун БҲМнинг 100 баравари (44 млн сўм);
— иккинчи ўрин учун 80 баравари (35,2 млн сўм);
— учинчи ўрин учун 60 баравари (26,4 млн сўм).

WorldSkills халқаро чемпионатида ҳар бир касб, яъни компетенция бўйича ғолиблар ва уларнинг устозлари қуйидагича рағбатлантирилади:

— олтин медал учун ғолибга БҲМнинг 2500 баравари (1,1 млрд сўм), ўқитувчисига 450 баравари (198 млн сўм);
— кумуш медал учун ғолибга 1500 баравари (660 млн сўм), ўқитувчисига 250 баравари (110 млн сўм);
— бронза медал учун ғолибга 1000 баравари (440 млн сўм), ўқитувчисига 150 баравари (66 млн сўм).

Аввалроқ, умумтаълим мактаблари ўқитувчилари ўртасида ўтказилган янги форматдаги «Йил ўқитувчиси» танловининг 208 нафар туман ва шаҳар ғолибига илк бор 616 млн сўмдан мукофот берилганди.

Келгуси йилдан эса президент ташаббуси билан ушбу танлов 14 та ҳудуддаги техникум усталари ўртасида ҳам ўтказилади.

2026-йилдан бошлаб миллий рейтингда энг юқори ўринларни эгаллаган 50 та техникумнинг ҳар бири ҳар йили БҲМнинг 3000 баравари, яъни 1,32 млрд сўм билан рағбатлантирилади. Бундан ташқари, 150 нафар педагог хорижий давлатларга малака ошириш ва стажировкага юборилади.

Хорижий тил ўқитувчилари учун субсидия тартиби ҳам жорий этилди. Ҳар ўқув йилида В1 ёки унга тенглаштирилган даражадаги халқаро сертификат олган битирувчилари энг кўп бўлган 50 нафар ўқитувчига Миграция агентлиги жамғармаси ҳисобидан 50 млн сўмдан субсидия тўланади.

Устама ва рағбатлантиришлар

Техникумларда халқаро таълим дастурлари бўйича дарс берадиган ва юқори натижага эришган ўқитувчилар, ишлаб чиқариш таълими усталари, техникум директорлари ҳамда халқаро таълим дастурини мувофиқлаштириш бўлими ходимларини тариф ставкасига нисбатан 200 фоизгача рағбатлантириш имконияти яратилган.

Барча техникум педагоглари учун устамалар ҳам белгиланди. Хорижий ва умумтаълим фанлари бўйича миллий ва халқаро миқёсда тан олинган сертификатга эга педагогларга базавий тариф ставкасининг 50 фоизи миқдорида устама тўланади. Менежерлик сертификатига эга техникум директорларига 50 фоиз, директор ўринбосарларига эса 30 фоиз миқдорида ойлик устама берилади.

2026–2027-ўқув йилида 50 та техникумда, 2027–2028-ўқув йилида эса барча техникумларда битта ишлаб чиқариш таълими устасига 20 нафар ўқувчи тўғри келадиган норматив жорий этилади. Бу техникумларда усталарнинг ойлигини меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 15 бараваригача, яъни 20,4 млн сўмгача белгилашга рухсат берилган.

Усталарнинг ставкаси умумий ўрта таълим мактабидаги биринчи малака тоифали ўқитувчининг базавий тариф ставкасига тенглаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳар йили 208 та туман ва шаҳарнинг лидер ўқитувчиларига 30 млн сўмдан мукофот берилиши хабар берилган эди.

Teglar

Mavzuga oid