Яқин Шарқ можароси Туркманистонга миграция хавфини кучайтирмоқда
МДҲ Терроризмга қарши кураш маркази раҳбари Евгений Сисоев Яқин Шарқдаги вазият туфайли Туркманистон, Озарбайжон ва Арманистон миграция инқирози хавфига дуч келиши мумкинлигини билдирди.

Яқин Шарқдаги кескинлашиб бораётган геосиёсий вазият МДҲ мамлакатлари учун янги хавфларни юзага келтириши мумкин. Бу ҳақда МДҲнинг Терроризмга қарши кураш маркази раҳбари Евгений Сисоев ҳамдўстлик давлатларининг махсус хизматлари раҳбарлари йиғинида маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, минтақадаги можаролар кенг кўламли миграция оқимларини ва гуманитар инқирозни келтириб чиқариши эҳтимоли бор. Сисоев бундай вазият аввал Ливия ва Ироқда кузатилганини эслатди.
«Миграция босими ва гуманитар муаммоларнинг асосий зарбаси биринчи навбатда Эрон билан чегарадош давлатларга таъсир қилиши мумкин», деди у.
Терроризмга қарши кураш
Сисоевнинг маълум қилишича, МДҲ мамлакатлари махсус хизматлари ўзаро ҳамкорликни кучайтирган. Натижада 2025 йил давомида террорчилик ва экстремизм билан боғлиқ минглаб жиноятларнинг олди олинган.
Унинг сўзларига кўра, ҳамдўстлик давлатларида 2,5 мингдан ортиқ террорчилик ва экстремистик жиноятлар бартараф этилган. Улар қаторида 300 дан зиёд теракт уюштиришга уриниш, терроризмни молиялаштириш билан боғлиқ 100 дан ортиқ жиноят ҳамда радикал ғояларни тарқатишга оид қарийб 2 минг ҳолат мавжуд.
Махсус хизматлар томонидан 200 дан зиёд террористик ва экстремистик ҳужайралар фаолияти тўхтатилган.
Профилактика ишлари
МДҲ Терроризмга қарши кураш маркази раҳбарига кўра, терроризм ва экстремизмни молиялаштиришнинг қарийб 900 манбаси ва 300 канали аниқланиб, фаолияти чекланган.
Шунингдек, радикал мазмундаги қарийб 19 минг интернет ресурси блокланган. Терроризм ва экстремизм билан боғлиқ ҳолатлар бўйича 2,3 мингдан ортиқ жиноят иши қўзғатилган.
Сисоев профилактик ва дерадикализация тадбирлари ҳам кенг кўламда олиб борилаётганини, улар орқали юзлаб террорчилар ва икки мингдан зиёд экстремистлар вайронкор фаолиятдан воз кечишга кўндирилганини таъкидлади.





