Logo

Европада ҳалокатли жазирама: Испанияда ўрмонлар ёняпти, Францияда эса бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда режим жорий этилмоқда

Bugun 09:454 daqiqa

Испания жанубидаги Андалусия минтақасида аномал жазирама оқибатида юзага келган кенг кўламли ўрмон ёнғинлари сабабли камида 12 киши ҳалок бўлди ва 23 киши бедарак йўқолди. Йирик ўрмон ёнғинлари Франция ва Португалияни ҳам қамраб олган.

Европада ҳалокатли жазирама: Испанияда ўрмонлар ёняпти, Францияда эса бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда режим жорий этилмоқда © dw.com

Андалусия ҳукумати раҳбари Хуанма Моренонинг сўзларига кўра, ёнғинга электр узатиш тармоғидаги узилиш сабаб бўлган бўлиши мумкин. Шундан сўнг аланга Алмерия провинциясининг Лос-Галярдос ҳудудидаги ўрмонзорлар бўйлаб тезда тарқалиб кетган.

Офат билан мустақил кураша олмаётган маҳаллий ўт ўчириш хизматларига кўмак бериш мақсадида Испания Фавқулодда вазиятлар бўйича ҳарбий бўлинмаси Алмерия минтақасига 220 нафар ҳарбий хизматчи ва 70 та техника жўнатган.

Расмийларнинг таъкидлашича, бу Испания тарихидаги энг ҳалокатли ўрмон ёнғинларидан бири ҳисобланади.

1

«BBC» нашрининг ёзишича, жорий йил ёзида Европа жануби узоқ давом этаётган жазирамадан азият чекмоқда, ҳаво ҳарорати доимий равишда 40°C атрофида сақланиб турибди.

«World Weather Attribution» тадқиқотларига кўра, Ўрта Ер денгизи мамлакатларида ўрмон ёнғинлари билан боғлиқ вазиятнинг кескинлашуви бевосита иқлим ўзгаришига боғлиқ. Олимларнинг хулосасига кўра, айнан глобал исиш экстремал жазирама ва қурғоқчиликнинг тез-тез содир бўлишига олиб келмоқда. Бу эса, ўз навбатида, йирик ўрмон ёнғинлари келиб чиқиши ва тез тарқалиши учун қулай шароит яратяпти.

Мутахассисларнинг огоҳлантиришича, Европа яқин йилларда янада ҳалокатли ва тез-тез такрорланувчи ўрмон ёнғинларига дуч келиши эҳтимоли юқори.

Франция вазиятнинг янада ёмонлашишига тайёргарлик кўрмоқда

Франция кучли жазирама сабабли тарихда илк бор бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда тайёргарлик режимини жорий қилмоқда.

10 июл куни мамлакат ғарбидаги тўққизта департаментда хавфнинг энг юқори — «қизил» даражаси эълон қилинди.

Ҳукумат вакили Мод Брежоннинг маълум қилишича, расмийлар аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламлари учун махсус совутиш марказларини ташкил этмоқда.

Бундан ташқари, қўшимча куч ва воситаларни тезкор жалб қилиш имконини берувчи фуқаролар муҳофазасининг махсус механизми ишга туширилмоқда.

Франция йил бошидан буён учинчи бор кучли жазирама тўлқинига дуч келди. Аномал иссиқ ва узоқ давом этаётган қурғоқчилик сабабли бутун мамлакат бўйлаб ўрмон ёнғинлари шиддат билан кўпаймоқда.

Июл ойининг биринчи ҳафтасида Францияда ёнғин туфайли 9 921 гектар майдон яроқсиз ҳолга келди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб уч баробар кўп.

Британияда янги антирекордлар

Буюк Британия йил бошидан буён учинчи бор жазирама тўлқинини бошдан кечирмоқда.

10 июл куни энг юқори ҳарорат Суррей графлигида қайд этилиб, термометр 35,5°C ни кўрсатган. Шунингдек, Шотландияда (Чартерхолл) ҳаво ҳарорати 29,3°C гача, Уэлсда (Кардиффдаги Бют парки) 31,3°C гача ва Шимолий Ирландияда (Киллоуэн) 27,5°C гача исиган.

Бундан ташқари, 2026 йилда ҳарорат 34°C дан юқори бўлган кунлар сони бўйича янги миллий рекорд ўрнатилган. Бундай жазирама кунлари саккизтани ташкил этиб, 1976 ва 2020 йиллардаги олдинги максимум кўрсаткичдан (етти кун) ошиб кетган.

Аномал иссиқ сабабли темир йўл транспорти ҳаракатида узилишлар кузатилган.

Меъёрдан ортиқ ўлим кўрсаткичлари

Европа Комиссиясининг эълон қилинган ҳисоботида айтилишича, тунги ҳаво ҳароратининг 20°C дан пастга тушмаслиги ҳолати, яъни «тропик тунлар» сонининг ортиб бораётгани асосий хавфлардан бирига айланмоқда.

«Одатда тунги салқинлик танага кун давомида тўпланган иссиқликдан халос бўлиб, қайта тикланиш имконини беради. Бироқ кечаси ҳам жазирама сақланиб қолса, ушбу табиий совутиш механизми ишламайди. Бу эса иссиқлик стресси ва ўлим хавфини сезиларли даражада оширади», — дейилади «BBC» нашри хабарида.

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, биргина 2022 йилнинг ўзида жазирама Европада қарийб 70 минг кишининг умрига зомин бўлган. Энг катта хавф остида кексалар, ёш болалар, сурункали касалликларга чалинганлар ва очиқ ҳавода ишлайдиганлар қолмоқда.

Жорий йилнинг июн ойида Европани қамраб олган сўнгги жазирама тўлқинининг дастлабки хулосалари ҳам катта инсоний йўқотишлардан далолат бермоқда. Олимларнинг тезкор таҳлилларига кўра, экстремал ҳарорат 20 мингдан ортиқ бевақт ўлимга сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Маълумотларга кўра, фақатгина 22–28 июн кунлари оралиғидаги ўлим кўрсаткичлари қуйидагича бўлиши тахмин қилинмоқда:

  • Францияда — 5 мингдан ортиқ;

  • Германияда — тахминан 4,5 минг;

  • Испанияда — 3 мингдан ортиқ;

  • Италияда — 2,7 минг;

  • Полшада — 1 070 киши;

  • Буюк Британияда — 862 киши.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ўлим ҳақидаги гувоҳномаларда жазирама камдан-кам ҳолларда бевосита сабаб сифатида кўрсатилади. Аксарият ҳолатларда у фақатгина ёндош омил сифатида қайд этилади. Шу боис қурбонларнинг аниқ сонини расмий ҳужжатларни ҳисоблаш орқали аниқлаб бўлмайди.

Бунинг ўрнига олимлар ўлим статистикасини об-ҳаво маълумотлари билан таққослаш орқали, меъёрдан ортиқ ўлимни баҳолашнинг халқаро миқёсда тан олинган усулидан фойдаланади.

Teglar

Mavzuga oid