ЕИ Венгрияни Россияга маълумот етказиш эҳтимоли сабаб махфий музокаралардан четлатди — ОАВ

Bugun 13:212 daqiqa

Полша бош вазирининг баёнотидан сўнг, ЕИ етакчилари муҳим масалаларни Венгрия иштирокисиз, кичикроқ форматларда муҳокама қила бошлаган.

ЕИ Венгрияни Россияга маълумот етказиш эҳтимоли сабаб махфий музокаралардан четлатди — ОАВ

Европа Иттифоқи Венгрия ҳукуматининг махфий музокараларда иштирок этишини чеклаб қўйди, бунга маълумотлар Россияга берилиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар сабаб бўлган, деб хабар берди «Politico».

Нашрнинг беш нафар европалик дипломат ва мулозимга таяниб хабар беришича, ЕИ Венгриянинг махфий музокараларда иштирок этишини чеклаган. Бу Полша бош вазири Доналд Туск кеча Виктор Орбан ҳукумати Россия билан маълумот алмашмоқда, деб баёнот берганидан кейин содир бўлди. У «X» ижтимоий тармоғида пост қолдирган.

«Орбаннинг одамлари Москвани ЕИ Кенгаши йиғилишлари ҳақида энг майда тафсилотларигача хабардор қилаётгани ҳақидаги янгилик ҳеч кимни ҳайрон қолдирмаслиги керак. Биз буни анчадан бери гумон қилардик. Шунинг учун мен фақат ўта зарур ҳолларда сўзга чиқаман ва фақат керак бўлган нарсани айтаман», — деди Туск.

Қайд этилишича, Полша бош вазири томонидан айтилган янги айбловларга ЕИ томонидан расмий жавоб бўлмайди, чунки бу 12 апрел куни Венгрияда бўлиб ўтадиган сайловларга таъсир қилиши мумкин. Бироқ мулозимлар Будапештдан Кремлга махфий маълумотлар сизиб чиқиши хавфидан хавотир билдиришган.

Уларнинг маълумотларига кўра, Европа етакчилари энди Венгрияни чиқариб ташлаган ҳолда кичик гуруҳларда йиғилишмоқда.

«Умуман олганда, содиқ бўлмаган аъзо давлатлар муҳим Европа дипломатиясининг катта қисми ҳозирда турли, кичикроқ форматларда — «E3», «E4», «E7», «E8», Веймар алянси, «NB8», «JEF» ва бошқаларда содир бўлаётганининг асосий сабабидир», — деди мулозим.

Рақамлар гуруҳдаги Европа етакчилари сонини билдиради. Веймар алянси таркибига Франция, Германия ва Полша киради. «NB8» — бу Шимолий Европа ва Болтиқбўйининг саккизта давлати. «JEF» — бу Шимолий Европанинг 10 та давлатидан иборат Бирлашган экспедиция кучлари.

Teglar

Mavzuga oid