add

Йўлларда тирбандликка қарши курашиш учун СИ жорий этилмоқда. Тошкентда эмас, Варшавада

08.12.2025 | 10:302 daqiqa

Полша пойтахти 500 та чорраҳа ҳаракатини сунъий интеллект орқали бошқарувчи янги тизимга ўтмоқда: лойиҳа тирбандликларни қисқартириш ва йўл ҳаракатини оптималлаштиришни мақсад қилади.

Йўлларда тирбандликка қарши курашиш учун СИ жорий этилмоқда. Тошкентда эмас, Варшавада

Варшава шаҳар ҳокимияти йўл ҳаракатини бошқаришни янги босқичга олиб чиқмоқда. Пойтахт 223,5 млн злотийлик йирик модернизация дастури доирасида шаҳар бўйлаб 500 га яқин чорраҳага замонавий интеллектуал бошқарув тизимини ўрнатади. Лойиҳа доирасида светофорлар янгиланади, датчиклар ва видео кузатув тизимлари жорий этилади, сунъий интеллект эса трафикни реал вақтда таҳлил қилиб, автоматик равишда оптимал қарорларни таклиф қилади.

Лойиҳанинг асосий инновацияси — СИнинг мустақил равишда ҳаракатни бошқариш имконияти. Янги тизим йўллардаги вазиятни кузатувчи датчиклар, асфалт остига ўрнатилган детекторлар ва камералар орқали йиғилган маълумотлардан келиб чиқиб баҳолайди. Варшава йўл инфратузилмасини бошқариш департаменти раҳбари Лукаш Пухалскининг таъкидлашича, СИ қанчалик кўп воқеани таҳлил қилса, шунчалик аниқ ва самарали ечим таклиф қилади.

Тизимнинг яна бир муҳим афзаллиги — йўл ҳаракатини энди алоҳида чорраҳалар эмас, балки бутун йўл коридорлари даражасида оптималлаштиришдир. Бу эса светофорлар циклларини ўзгартириш, оқимни қайта йўналтириш ва зарурат туғилганда муқобил йўлларни фаол таклиф қилиш имконини беради. Лойиҳа кичик авариялардан тортиб, йирик тиқилинчларгача бўлган вазиятларга тезкор жавоб бериш орқали ҳаракатни сезиларли даражада силлиқлаштириши кутилмоқда.

Бошқарув маркази 24 соат ишлайди: операторлар зарурат бўлса, айрим чорраҳалар учун алоҳида дастурларни қўллаб, муайян вақт диапазонига мос равишда трафикни қўл билан ҳам бошқариши мумкин. Варшава ҳокимиятига кўра, янги СИ тизими шаҳар йўлларидаги тирбандликни қисқартиришда энг муҳим қадамлардан бирига айланади.

Teglar

Mavzuga oid