Зеленский Лукашенкога нақ 17 хил чеклов киритди
У бу қарорни Лукашенконинг «украиналикларнинг ўлдирилишига кўмаклашаётгани» билан изоҳлади.

Украина Президенти Воладимир Зеленский Беларус ҳукмдори Александр Лукашенкога нисбатан санкциялар жорий этди. Қарор Рустем Умеров бошчилигидаги Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши (МХМК) таклифига биноан қабул қилинган. Бу ҳақда Украина етакчисининг 18 феврал куни ўз сайтида эълон қилинган фармонида айтилади.
Лукашенкога нисбатан жами 17 турдаги чекловлар жорий этилди, улар орасида — активларни музлатиш, киришни тақиқлаш, савдо ва транзитни тўхтатиш, молиявий операциялар ва технологиялар беришни тақиқлаш бор. Чекловларнинг бир қисми муддатсиз, бир қисми эса 10 йил давомида амал қилади.
Зеленский: Лукашенкога босимни «сезиларли даражада кучайтирамиз»
Украина Президенти ўз Telegram-каналида санкцияларни Беларус Президенти «украиналикларнинг ўлдирилишига кўмаклашаётгани» билан изоҳлади.
«2025 йилнинг иккинчи ярмида Беларус ҳудудида россияликлар зарба берувчи дронларни бошқариш учун ретрансляторлар тизимини жойлаштирдилар, бу эса Россия армиясининг шимолий вилоятларимизга — Киевдан Волингача зарба бериш имкониятларини оширди. Зарбаларнинг бир қисмини, жумладан, ҳудудларимиздаги энергетика объектлари ва темир йўлларга берилган зарбаларни россияликлар Беларуснинг бундай ёрдамисиз амалга ошира олмасдилар», — деб ёзди Зеленский.
Бундан ташқари, Украина Президенти уч мингдан ортиқ Беларус корхоналари Россия томонига, жумладан, ракеталар ишлаб чиқариш учун компонентлар етказиб бераётганини таъкидлади. Беларус, шунингдек, ўз ҳудудида «Орешник» баллистик ракетасини жойлаштирган, 2025 йилдан бошлаб эса «мамлакат корхоналари Россияга ушбу қурол учун муҳим тугунлар, компонентлар ва механик базаларни етказиб бермоқда».
Январда Зеленский ва Тихановская илк расмий учрашувни ўтказишганди
25 январ куни Зеленский ва Беларус демократик кучлари етакчиси Светлана Тихановская Вилнюсда илк расмий учрашувни ўтказди. Тихановскаянинг сўзларига кўра, учрашувда санкциялар сиёсати ва «европалик ҳамда америкалик ҳамкорлар билан биргаликда Лукашенко ва режим шерикларини жавобгарликка тортиш бўйича қўшма стратегия» муҳокама қилинган.
Учрашув ташаббуси Украина томонидан чиққан, деб ёзган эди январь охирида маҳаллий «Европа ҳақиқати» (Европейская правда) нашри.
Унинг маълумотларига кўра, Украина ҳукумати Лукашенконинг АҚШ билан алоқалари фонида Беларус оппозицияси билан ҳукмдорга нисбатан жиноий иш очиш масаласини муҳокама қилмоқда. Шу йўл билан улар, таъкидланганидек, Лукашенконинг халқаро яккаланишдан чиқиб кетишига йўл қўймасликни истайди.





