Ўзбекистонга пул ўтказмалари тушумининг ўсиши учинчи чоракда 2,9 фоизгача секинлашди
2026-йилнинг 9 ойида мамлакатга халқаро пул ўтказмалари орқали 15,1 млрд доллардан ортиқ маблағ кириб келган. Шунингдек, ушбу даврда аҳоли банкларга 18,9 млрд доллар сотиб, 10,9 млрд доллар харид қилган.
© Reuetrs2026-йилнинг январ-сентабр ойларида халқаро пул ўтказмалари орқали Ўзбекистонга 15,2 млрд доллар миқдорида валюта маблағлари келиб тушган бўлса, 2 млрд доллар маблағ чиқиб кетди. Бу ҳақда Марказий банк эълон қилган Ички валюта бозори шарҳида маълум қилинди.
Қайд этилишича, 2026-йилнинг дастлабки 9 ойида халқаро пул ўтказмаларидан тушумлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8,9 фоизга ўсган. Солиштириш учун, 2025 йилнинг шу даврида ўсиш суръати 2024 йилга нисбатан 23,7 фоизни ташкил қилган эди.
Тушумлар ўсишидаги секинлашув айниқса учинчи чорак (июл-сентябр) кесимида яққол кўзга ташланади. Хусусан, мазкур чоракда пул ўтказмалари 5 млрд 884 млн долларни ташкил этиб, 2025 йилнинг мос даврига (5 млрд 716 млн доллар) нисбатан бор-йўғи 2,9 фоизга ўсган.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг фикрича, бу ҳолатга асосан рублнинг долларга нисбатан қадрсизланиши таъсир кўрсатган. Шунингдек, у пул ўтказмалари орқали юбориладиган мева-сабзавотлар (узум ва гилос мисолида) экспорти ҳажмида ҳам пасайиш кузатилганини таъкидлаб ўтган.
Валюта бозори: таклиф ўсиши талабдан юқори
2026-йилнинг январ-сентябр ойларида ички валюта бозорида хорижий валютага бўлган умумий таклиф ўсиш суръати талаб ўсиш суръатига нисбатан юқори бўлди.
Жумладан, валютага бўлган талаб 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 17,9 фоизга ошиб, 50,4 млрд долларни ташкил этган бўлса, таклиф ҳажми (Марказий банк операцияларини ҳисобга олмаган ҳолда) 25,3 фоизлик ўсиш билан 43,8 млрд долларга етган.
Шу билан бирга, юридик шахсларнинг валюта таклифи 26,7 фоизга, уларнинг талаби эса 15,3 фоизга ошган.

Экспорт тушумлари ва аҳолининг валюта сотиши
Хўжалик юритувчи субъектларнинг экспорт тушумлари мазкур даврда 28,1 фоизга ошиб, 16,6 млрд долларни ташкил этди. Ушбу маблағнинг 57,2 фоизи, яъни 9,5 млрд доллари ички валюта бозорида сотилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 33 фоизга (ёки 2,4 млрд долларга) кўпдир.

Жисмоний шахслар ҳам ички бозорга қўшимча таклиф манбаи бўлиб хизмат қилмоқда. Тўққиз ой якунларига кўра, аҳоли томонидан тижорат банкларига жами 18,9 млрд доллар сотилган бўлиб, бу 2025 йилнинг мос даврига (15,3 млрд доллар) нисбатан 1,2 баробарга кўпдир.
Миллий валюта курси барқарорлашди
Ҳисоботга кўра, 2026-йилнинг 9-ойи давомида сўм алмашув курси барқарор тенденция ҳосил қилган. Йил бошидан буён миллий валюта курси 1 АҚШ доллари учун 11 765 – 12 320 сўм диапазонида тебранди. Сентябр ойи якунида эса расмий курс 11 821 сўмни ташкил этиб, йил бошига нисбатан сўмнинг қадри 1,5 фоизга ошган.

Маълумот учун, Шавкат Мирзиёев 2-ноябр куни меҳнат миграцияси масалаларига бағишланган йиғилишда хориждан Ўзбекистонга юборилаётган пул ўтказмалари йиллик ҳажмини 50 млрд долларга етказиш вазифасини белгилади.
«Мигрантларимиз жўнатаётган 20 млрд доллар пул ўтказмаларида ҳозир давлатнинг ҳиссаси йўқ. Улар ҳаммасини ўзи, бир ўзи юриб қиляпти. Мен бу кўрсаткични 50 млрд долларга етказмагунча қўймайман», — деди давлат раҳбари.
Унинг қайд этишича, хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонликларнинг даромадларини ошириш нафақат уларнинг оилалари фаровонлигини таъминлаш, балки мамлакатга халқаро тажрибага эга малакали мутахассисларни қайтариш имконини ҳам беради.





