ДХХ маълумотига кўра, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигининг Наманган вилояти филиали бош мутахассиси хизмат мавқеидан фойдаланиб, фуқароларни Жанубий Кореяга ишга юбориш баҳонасида улардан 41 минг АҚШ доллари олган пайтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Терговга қадар текширув жараёнида у мазкур ноқонуний фаолиятни агентликнинг марказий аппарати бош мутахассиси билан бирга амалга оширгани аниқланган. Шу асосда тезкор тадбир давом эттирилиб, иккинчи мутасадди ҳам пул маблағидан 15 минг доллар олган вақтда қўлга олинган.
Текширувлар давомида мазкур ходимлар 2024 йилда 80 нафардан зиёд фуқароларни Кореяга ишга юбориш баҳонасида 700 минг доллардан ортиқ маблағ олгани, аммо ваъда қилинган ишни амалга оширмагани маълум қилинди. Натижада юзлаб фуқаролар алданиб, узоқ вақт сарсон бўлиб юрган.
Ҳолат юзасидан ДХХ Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168 ва 28+211-моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Шу билан бирга, мазкур гуруҳнинг бошқа аъзоларини аниқлаш ва терговга жалб қилиш чоралари кўрилмоқда.
Мутасаддилар фуқароларни хорижга ишга юбориш билан боғлиқ ҳар қандай шубҳали таклифлар юзасидан ДХХнинг 1520 рақамли «Call-маркази»га мурожаат қилишга чақирди.