Ўзбекистон ташқи қарзи бир йилда 15,6 млрд долларга кўпайган

15:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон умумий ташқи қарзи йиллик ҳисобда кескин ўсиб, 72,2 млрд долларни ташкил этди.

Tashqi qarz

Марказий банк ҳисоботларига кўра, умумий ташқи қарз ҳажми охирги 3 ойда 3,8 млрд долларга, бир йилда эса 15,6 млрд долларга кўпайган. Бу кўрсаткич давлат қарзи ва корпоратив қарзларнинг бирдек ошиши ҳисобига юзага келганлиги айтилмоқда.

Давлат ташқи қарзи 36,8 млрд долларга етган бўлиб, йил давомида 5,8 млрд долларга ошган. Шу билан бирга, корпоратив қарзлар 35,4 млрд долларни ташкил этиб, уларнинг йиллик ўсиши 9,8 млрд доллар бўлган.

Жон бошига ташқи қарз миқдори 2025 йилнинг 1 июл ҳолатига 1 907 долларга етди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврида 1 524 доллар эди. Иқтисодчи Отабек Бакировнинг фикрича, йил якунларига бориб, мазкур кўрсаткич 2000 долларлик чегарадан ошиб кетиши мумкин.

Шу билан бирга, жорий операциялар ҳисоби дефицити ҳам қисқаргани қайд этилмоқда. 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида у 156,3 млн долларни ташкил этиб, охирги йиллардаги энг паст даражага тушган. Иккинчи чоракда эса 265,3 млн долларлик профитсит қайд этилди.

Тўғридан-тўғри инвестиция соф оқими 1,6 млрд долларни ташкил этган бўлса, портфель инвестициялар (асосан давлат ва корпоратив қарзлар ҳисобига) 3,1 млрд долларга етди. Бироқ молиявий ҳисоб умумий манфий салдоси 1,8 млрд долларни ташкил этган.