Тошкентда машинани жарима майдончасига олиб кетиш тартиби ўзгарди
Энди автомобилни олиб чиқиш учун QR-кодли электрон рухсатнома керак бўлади.
© Foto: Tergov.uzҲукуматнинг 22 сентябрдаги 508-сон қарори билан Тошкент шаҳрида қонунчилик бузилгани учун ушланган транспортларни вақтинча сақлаб туриш жойларига олиб келиш тартиби белгиланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Ҳужжатга кўра, ваколатли давлат органи томонидан транспортни жарима майдончасига жойлаштириш тўғрисида қарор қабул қилинганда, бу ҳақда «Жарима майдончаси» модули орқали тегишли давлат органларига, шунингдек, хизмат кўрсатувчи юридик шахсларга хабар юборилади.
Транспортни бошқаришдан четлаштириш назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганларга тегишли транспорт фақат махсус техника воситалари (эвакуатор, манипулятор) ёрдамида жарима майдончасига олиб келиниши мумкин.
Ушланган транспорт воситасини ушлаб туриш сабаблари бартараф этилгандан кейин жарима майдончасидан олиб чиқишга «Жарима майдончаси» модули орқали рухсат берилади.
Бунда транспорт воситасини жарима майдончасидан чиқариб юбориш бўйича рухсатнома фақат маъмурий ишни кўриб чиқувчи органнинг мансабдор шахслари томонидан:
— «Жарима майдончаси» модули орқали расмийлаштирилади;
— QR-код билан тасдиқланади;
— электрон тарзда транспорт воситаси ҳайдовчисига ҳамда сақлаб туриш хизматларини кўрсатувчи юридик шахсга “Жарима майдончаси” модули орқали 1 иш кунида юборилади;
— ҳайдовчининг телефон рақамига қисқа хабар (SMS) жўнатилади.
«Жарима майдончаси» модули орқали расмийлаштирилмаган рухсатномалар асосида ушланган транспортни жарима майдончасидан чиқариб юбориш тақиқланади.





