Logo

Ўзбекистонда олтинсиз экспорт қарийб 30 фоизга ошди

2026-йилнинг биринчи ярмида олтин ҳисобга олинмаган экспорт ҳажми 29,4 фоизга ошиб, 6,5 млрд долларни ташкил этди. Шу даврда товарлар умумий экспорти олтин сотувининг камайиши ҳисобига 8,8 фоизга қисқариб, 15,9 млрд долларга тушган.

Ўзбекистонда олтинсиз экспорт қарийб 30 фоизга ошди © Sputnik

Осиё тараққиёт банкининг (ADB) 2026-йил сентябр ойидаги Asian Development Outlook ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда экспортдаги ўзгаришларда олтин савдоси муҳим рол ўйнаган. Жорий йилнинг дастлабки олти ойида товарлар экспорти 8,8 фоизга камайиб, 15,9 млрд долларни ташкил этган бўлса, олтинсиз экспорт аксинча 29,4 фоизга ошган.

Хизматлар экспортида ҳам сезиларли ўсиш кузатилган. Унинг ҳажми 2026-йилнинг биринчи ярмида 34,9 фоизга ошиб, 4,6 млрд долларга етган. Осиё тараққиёт банки хизматлар экспортининг ўсиши ва пул ўтказмаларининг кўпайиши ташқи савдо тақчиллиги босимини бироз камайтирганини қайд этган. Шу билан бирга, импорт ҳажми жорий йилнинг биринчи ярмида 21 фоизга ошиб, 25,1 млрд долларни ташкил қилган. Натижада ташқи савдо тақчиллиги бир йил аввалги 3,2 млрд доллардан 9,3 млрд долларгача кенгайган.

Ҳисоботда қайд этилишича, ташқи савдодаги бу ўзгаришларга қарамай, Ўзбекистон иқтисодиётида ўсиш суръатлари юқори бўлиб қолган. Мамлакат ялпи ички маҳсулоти 2026-йилнинг биринчи ярмида 8,5 фоизга ошган.

Иқтисодий ўсишдаги асосий йўналишлар

 

Иқтисодий ўсишда хизматлар соҳаси, қурилиш ва саноатдаги юқори суръатлар муҳим рол ўйнаган. Айрим асосий тармоқлардаги ўсиш қуйидагича бўлган:

1

Инвестициялар ҳам иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаган. 2026-йилнинг биринчи ярмида асосий капиталга киритилган маблағлар 17,5 фоизга ошган, 2025-йилнинг шу даврида эса ўсиш 5,5 фоиз эди. ADB бу ўсишни энергетика, ишлаб чиқариш, транспорт ва уй-жой қурилишидаги йирик лойиҳалар билан боғлаган. Шунингдек, аҳоли ва давлат харажатлари ҳам ошган. Уй хўжаликларининг якуний истеъмоли 23,8 фоизга, давлат истеъмоли эса 30,9 фоизга ошган. ADB’га кўра, ички талабнинг юқори бўлиши инфляцияни туширишга тўсқинлик қилиши мумкин.

 

Инфляция секинлашди

Инфляция бўйича эса умумий кўрсаткич пасайган. 2026-йилнинг биринчи ярмида истеъмол нархлари 3,3 фоизга ошган. Бир йил аввал бу кўрсаткич 4,2 фоиз эди. Йиллик инфляция июн ойида 6,4 фоизни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос давридаги 8,7 фоиздан паст бўлган. Инфляциянинг пасайишида хизматлар нархларида ўсиш суръатининг секинлашиши асосий сабабларидан бўлган. Хизматлар нархи ўтган йили 10,7 фоизга ошган бўлса, бу йил 4,1 фоизни ташкил этди. Озиқ-овқат ва бошқа товарларда эса аксинча, нархлар ўсиши тезлашган.

Июн ойида электр энергияси тарифлари ўртача 9,6 фоизга, табиий газ тарифлари эса 10,7 фоизга оширилган. ADB бу ўзгаришлар йилнинг қолган қисмида транспорт, логистика ва бошқа хизматлар нархига ҳам таъсир қилиши мумкинлигини билдирган. Шу сабабли банк Ўзбекистон учун 2026-йил якунидаги инфляция прогнозини аввалги 6,5 фоиздан 6,7 фоизгача оширган. 2027-йил учун эса прогноз 5 фоиз даражасида сақлаб қолинган.

Ўзбекистон иқтисодиёти йилнинг дастлабки олти ойида 8,5 фоизга ўсган бўлса-да, ADB бутун 2026-йил учун ўсиш суръатини 7 фоиз деб прогноз қилмоқда. Банк аввалги прогнозини 6,7 фоиздан 7 фоизгача оширган. 2027-йил учун эса иқтисодий ўсиш 6,8 фоиз бўлиши кутилмоқда.

Фискал сиёсат бўйича ADB эҳтиёткор ёндашув давом этишини кутмоқда. 2027–2029-йилларга мўлжалланган Фискал стратегияда 2026-йил учун бюджет тақчиллиги ЯИМнинг 3 фоизи даражасида бўлиши кўзда тутилган. Инфратузилма ва ижтимоий харажатларни молиялаштириш эса давом этади.

Инфляция босимини камайтириш учун Марказий банкнинг қатъий пул-кредит сиёсатини давом эттириши кутилмоқда. ADB’га кўра, бу сиёсат нархлар ўсишини жиловлаш ва инфляцион кутилмаларни барқарорлаштиришга қаратилади.

 

Иқтисодиёт учун қандай хатарлар бор?

ADB Ўзбекистон иқтисодиёти учун бир қатор ташқи ва ички хатарларни қайд этган. Йирик савдо ҳамкорларидаги иқтисодий ўсишнинг секинлашиши, геосиёсий кескинликнинг кучайиши, савдо ва логистика тармоқларидаги узилишлар ҳамда хомашё нархларининг ўзгариши мамлакат иқтисодиётига салбий таъсир қилиши мумкин.

Халқаро молиялаштиришнинг қимматлашиши ташқи талаб, пул ўтказмалари ва инвестицияларга салбий таъсир қилиши мумкин. Ички талабнинг юқори бўлиши эса инфляцияни пасайтиришни қийинлаштиради.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистонда олтинсиз экспорт қарийб 30 фоизга ошди | Vaqt.uz