«Ўзагролизинг» собиқ раҳбари яширин келишув ва 1 млн долларлик «улуш» ортидан қамалди
Жиноят иши Хитойдан олиб келинган пахта териш комбайнлари билан боғлиқ. Отажонов Хитой компанияси билан қиймати 8 млн доллар бўлган 100 та комбайнни импорт қилиш шартномасини тузишни таъминлагани учун 1 млн 180 минг доллар «улуш» олган.
© Foto: «O‘zto‘qimachiliksanoat»«Ўзагролизинг» АЖнинг собиқ бошқарув раиси Нодир Отажонов жиноий жавобгарликка тортилгани маълум бўлди. У билан бирга «Интер Агромаш» МЧЖ таъсисчиси Ҳайдар Абдушукуров ҳам судланган.
Хитойдан «янги» комбайнлар олиб келиш режаси
Суд ҳужжатига кўра, Отажонов 2020-йил 24-ноябрдан 2025-йил 8-апрелгача «Ўзагролизинг» АЖ бошқаруви раиси лавозимида ишлаган. У Хитойда ишлаб чиқарилган ва аввал фойдаланилган қишлоқ хўжалиги техникаларини гўёки янги техника сифатида Ўзбекистонга олиб кириш режасини тузган. Бунинг ҳисобига божхона тўловлари бўйича имтиёзлардан фойдаланиш ва техникаларни маҳаллий фермерларга лизинг шартномалари асосида уларнинг ҳақиқий қийматидан оширилган нархда сотиш орқали даромад олишни кўзлаган. У 2024-йилнинг баҳорида Хитойнинг «Xingiang boshiran Intelligent Agricultural Machinery Co.Ltd» компанияси вакиллари билан норасмий алоқа ўрнатган. У уларга аввал фойдаланилган ва арзон бўлган 3 қаторли 100 та пахта териш комбайнини янги 2 қаторли «4MZ-2A» русумли комбайн кўринишига келтиришни ва ҳар бирини Ўзбекистонга 80 минг доллардан етказиб беришни таклиф қилган.
Ушбу таклифга рози бўлишса, комбайнларни импорт қилиш бўйича шартнома имзоланишини таъминлаш мажбуриятини олган. Бунинг эвазига улар унга шартнома умумий суммасининг 15 фоизи миқдорида улуш беришга оғзаки келишиб олишган.
Аммо Отажонов пахта териш комбайнларини тўғридан-тўғри «Ўзагролизинг» АЖга импорт қилишга ваколати йўқ эди. Шу боис у ўзига аввалдан таниш бўлган «Интер Агромаш» МЧЖ раҳбари Ҳайдар Абдушукуровни ҳамкор сифатида жалб қилган. Яъни унга ўз режасини айтган.
«Ўзагролизинг»да 57,75 млрд сўмлик шартнома тузилди
Шу тариқа улар Хитой компанияси томонидан қайта жиҳозланган пахта териш комбайнларини МЧЖ номига импорт қилиш, уларни маҳаллий фермерларга лизинг шартномалари асосида оширилган нархда сотиш, шунингдек, божхона имтиёзлари ва сотувдан олинадиган фойдани ўзаро бўлиб олишга келишиб олган.
Ҳайдар Абдушукуров режа ва Нодир Отажоновнинг кўрсатмаларига мувофиқ 2024-йил 5-июлда ўзи раҳбарлик қилаётган МЧЖ номидан тижорат таклифини тайёрлаб, «Ўзагролизинг»га юборган. Тижорат таклифида маҳаллий фермерларга ҳар бирининг қиймати 80 минг доллардан бўлган 100 та янги «4MZ-2A» русумли пахта териш комбайнини бир донасини 1 млрд 650 млн сўмдан етказиб бериш таклиф қилинган.
Аммо аслида бу комбайнлар эски ва қайта жиҳозланган бўлган. Бундан ташқари, улар 76 сантиметр қатор оралиғига эга 3 қаторли тизимдан 60 сантиметр қатор оралиғига эга 2 қаторли тизимга ўзгартирилган. Нодир Отажонов 2024-йил 15-июлда «Ўзагролизинг» АЖ бошқаруви йиғилишини ўтказиб, Абдушукуровнинг тижорат таклифини кўриб чиқиладиган масалалар қаторига киритган. Шундан сўнг у йиғилиш иштирокчиларининг тижорат таклифини маъқуллашини таъминлаган ва йиғилиш баённомасини тасдиқлаган.
8 млн долларлик келишув ва 1,18 млн долларлик «улуш»
Шу тариқа Отажонов ва Абдушукуров 2024-йил 22-июлда АЖ ва МЧЖ ўртасида 35 та комбайнни бир донасини 1 млрд 650 млн сўмдан етказиб бериш бўйича шартнома имзолаган. Комбайнлар маҳаллий фермерларга жами 57 млрд 750 млн сўмлик лизинг шартномалари асосида сотилиши керак бўлган. Нодир Отажонов Хитой компанияси вакиллари билан 100 та комбайн импорт қилинишини таъминлаш ва шартнома суммасининг 15 фоизини олиш бўйича келишиб олган. Буни амалга ошириш учун у Абдушукуров раҳбарлик қилаётган МЧЖ билан Хитой компанияси ўртасида 100 та комбайнни умумий қиймати 8 млн долларга МЧЖ номига импорт қилиш бўйича шартнома имзоланишини таъминлаган.
Бундан ташқари, Отажонов МЧЖ комбайнлар учун тўловни ўз вақтида амалга оширмаган тақдирда, ушбу маблағлар «Ўзагролизинг» томонидан тўлиқ тўланишини кафолатловчи хатни имзолаб, Хитой компаниясига юборган. Бунинг эвазига у 2024-йил август–октябр ойларида Хитой компаниясининг Ўзбекистондаги таржимони Юан Ленян орқали ўз улуши сифатида жами 1 млн 180 минг долларни дўсти орқали олган. У бу пулларни Юнусобод туманидаги дўстининг уйида сақлаган.
Эски комбайнлар божхонадан «янги» сифатида ўтказилган
2024-йил 22-августдан бошлаб Хитойдан Ўзбекистонга аслида эски бўлган — 2019 ва 2020-йилларда ишлаб чиқарилган ҳамда қайта жиҳозланган комбайнлар импорт қилина бошлаган. Ҳамкорлар олиб кирилган комбайнларни божхона ҳужжатларида уларнинг гўёки янги экани ҳақида ёлғон маълумотлар кўрсатган ҳолда «Эркин муомалага чиқариш» божхона режимида расмийлаштирган. Натижада 7,5 млрд сўмлик божхона тўловларини тўлашдан бўйин товланган.
Фермерлар комбайнларни қайтаришни сўраган
Отажонов ва Абдушукуров лизинг шартномалари асосида комбайнлардан 29 тасини Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Тошкент, Навоий ва Бухоро вилоятларидаги фермер хўжаликларига етказиб берган. Улардан 13 та фермер хўжалиги 2024-йил сентябр–октябр ойларида АЖнинг ҳисоб рақамига аванс тўлови сифатида 4 млрд 710 млн сўм ўтказган. 6 та комбайн бўйича фермер хўжаликлари билан қабул қилиш-топшириш далолатномалари расмийлаштирилган.
Бироқ фермер хўжаликлари комбайнлардан фойдаланиш жараёнида уларнинг янги эмаслигини билиб қолган. Шундан сўнг айрим фермерлар «Ўзагролизинг»нинг ҳудудий филиалларига мурожаат қилиб, комбайнларни қайтаришни сўраган. Улар аванс сифатида тўланган пулларни қайтариб олган ёки ушбу маблағларни бошқа лизинг шартномалари ҳисобига ўтказган. 2024-йил 24-октябрда Абдушукуров Тошкент шаҳар божхона бошқармасига яна 6 та комбайнни янги комбайнлар сифатида «Эркин муомалага чиқариш» божхона режимида расмийлаштириш учун тақдим этган. Ушбу комбайнлар тегишли экспертлар иштирокида божхона кўригидан ўтказилганда, уларнинг идентификация рақамлари қалбакилаштирилгани аниқланган. Аслида эса улар 2019–2021-йилларда ишлаб чиқарилган ва қайта жиҳозланган бўлган.
Юқоридаги барча ҳолатлар суд ҳужжати асосида баён қилинган. Бироқ Нодир Отажонов ва Ҳайдар Абдушукуров ўзларига қўйилган айбловларни тан олмаган.
Хусусан, Отажонов жиноятда айбсизлигини билдириб, олиб келинган комбайнлар учун давлат маблағларидан умуман фойдаланилмаганини айтган ва оқлов ҳукми чиқаришни сўраган. Шунингдек, у хулоса берган экспертлар комбайнларни умуман тушунмайдиган ходимлар бўлганини ва экспертиза жараёнида бир-бирига мос келмайдиган компаниялар ҳамда комбайнлар таққосланганини айтган. Суд ҳужжатида Нодир Отажонов ва Ҳайдар Абдушукуровнинг айби гувоҳларнинг кўрсатмалари, экспертиза хулосалари, телефон орқали бўлган суҳбатлар ва бошқа ҳужжатлар билан тасдиқлангани қайд этилган.
Отажонов 6 йилга қамалди
Нодир Отажонов ва Ҳайдар Абдушукуровга оид жиноят иши Юнусобод туман жиноят ишлари бўйича судида кўриб чиқилган ва ҳукм 2025-йил 28-октябрда эълон қилинган. Ҳар икки судланувчи Ўзбекистон манфаатларига зарар етказган ҳолда битимлар тузиш, шунингдек, божхона қонунчилигини бузиш билан боғлиқ жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган. Ҳукмга кўра, Нодир Отажонов 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Унга 3 йил муддатга «Ўзагролизинг» АЖ тизимида лавозим ва моддий мажбуриятлар билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳамда 550 БҲМ миқдорида (ўша пайтда 206 млн 250 минг сўм) жарима жазоси тайинланган. Ҳайдар Абдушукуров 5 йилга озодликдан маҳрум қилинган ва 550 БҲМ миқдорида (ўша пайтда 206 млн 250 минг сўм) жарима жазоси тайинланган. Шунингдек, иш доирасида битта автомобил ва бир нечта кўчмас мулк объектини давлат даромадига ўтказиш назарда тутилган.
Юнусобод туман жиноят ишлари бўйича судининг 2025-йил 9-октябрдаги қарорига кўра, «Ўзагролизинг» АЖ омборларида сақланаётган 100 та «4MZ-2A» русумли пахта териш комбайнини давлат даромадига мусодара қилиш белгиланган. Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2026-йил 23-июндаги ажримига кўра, биринчи инстанция судининг кўчмас мулк объектларидан бирини давлат даромадига ўтказиш ҳақидаги ҳукмининг бир қисми бекор қилинган. Судланувчиларнинг апелляция шикоятлари эса қаноатлантирилмаган.





