10 дан ошиқ банклар исломий молияни жорий қилмоқчи — Марказий банк раиси

Bugun 18:352 daqiqa

Ўзбекистонда ислом молияси ҳақидаги қонун тўлиқ кучга киргач, кўплаб банклар бу йўналишда банк хизматларини таклиф қилишни режалаштирган.

10 дан ошиқ банклар исломий молияни жорий қилмоқчи — Марказий банк раиси

25-март куни Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида мамлакат инвестициявий жозибадорлигини янада оширишга қаратилган учта устувор йўналиш — халқаро молия ва рақамли технологиялар марказларини ташкил этиш ҳамда исломий молия хизматларини жорий қилиш масалалари кўриб чиқилди.

Марказий банк раиси Тимур Ишметов O‘zbekiston 24 телеканалига берган интервюсида йиғилиш давомида исломий банклар фаолиятини йўлга қўйиш ҳақидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилганини маълум қилди.

Қонун лойиҳаси февралда Олий Мажлис томонидан мақулланиб, тасдиқлаш учун президентга юборилганди.

Биринчи навбатда, Марказий банкка кадрлар салоҳиятини кучайтириш — зарур ҳолларда, мутахассисларни тегишли таълим муассасаларида ўқитиш ва сертификатлашни ташкил этиш топширилди, шунда ислом молияси тамойиллари асосида ишлайдиган тўлақонли банклар пайдо бўлиши билан регулятор банк тизими барқарорлигини таъминлашга тайёр бўлади. Шунингдек, халқаро стандартлар асосида қонуности ҳужжатларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди, — дейди Тимур Ишметов.

Марказий банк раиси қўшимча қилишича, регулятор ҳозирда ислом молияси соҳасидаги иккита халқаро ташкилотга бухгалтерия ҳисоби ва аудит ҳамда банк назорати бўйича тўлақонли аъзоликка қабул қилинган.

Қонун имзолангандан сўнг, исломий молия маҳсулотларини ҳам ихтисослашган банкларда, ҳам анъанавий банклардаги «ислом дарчалари» орқали ишга тушириш режалаштирилган. Бунинг учун барча қонунчилик чекловлари аллақачон олиб ташланади. Бугунги кунга келиб 10 дан ортиқ банк бу йўналишда тайёргарликни бошлаган. Қонун тўлиқ кучга киргач, тегишли воситалардан фойдаланиш кўлами аста-секин кенгайиб боришини кўрамиз, — дея қўшимча қилди Ишметов.

2025-йилда камида битта тижорат банкида исломий «дарча» фаолиятини йўлга қўйиш, 2026-2030 йилларда эса тўлиқ исломий банк фаолиятини амалга оширувчи иккита банк ташкил этиш режалаштирилган.

Умуман, соҳадаги янгиликлар орқали 2026-2030 йилларда қўшимча 1 миллиард доллар миқдорида инвестиция ва депозитларни жалб қилиш имконияти яратилиши кутилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid