
178 млн сўм: олтин қуймалари рекорд даражада қимматлади
Йил бошида 100 гр олтин қуйма 116,6 млн сўм нархда сотувга чиқарилган эди. Ўсиш 60 млн сўмдан кўпроқ.

Бугун, 24 декабрь тонгида жаҳон бўйича олтин нархи троя унциясида 4 520 доллардан ошди ва тарихий рекорд янгиланди.
Ўзбекистонда ҳам Марказий банк олтин қуймаларининг янги нархини эълон қилди. Унга кўра, 24 декабрь ҳолати бўйича нархлар қуйидагича:
5 грам — 8 913 000 сўм
10 грам — 17 826 000 сўм
20 грам — 35 651 000 сўм
50 грам — 89 128 000 сўм
100 грам — 178 256 000 сўм
Шу тариқа қуймаларнинг 1 гр учун нархи 1 млн 783 минг сўмга чиқиб, янги рекорд қайд этилди. Кеча, 23 декабрь куни ҳам олтин қуймалари нархи 17 октябрдаги рекордни янгилаган эди.
Январ ойида 100 гр олтин қуйма биринчи бор сотувга чиқарилганди. Ўшанда унинг нархи анча пастроқ — 116,6 млн сўм эди.
Олтин қуймаларини Ўзбекистондаги банклардан сотиб олиш мумкин. Банклардаги қуймалар қолдиғи ҳақида маълумотни Марказий банк расмий сайтидан олса бўлади.
Ҳозирги вақтда Тошкент шаҳри бўйича “Халқ банки”нинг Яккасарой филиалида энг кўп олтин қуйма мавжуд — 3 797 та.
Олтин нархи йил бошидан бери 70 фоиздан кўпроқ ўсди. Бу 1979 йилдан бери энг юқори йиллик ўсиш ҳисобланади. Нархлар ўсишига геосиёсий нотинчликлар давом этиши ва сиёсий қарорлар ортидан олтинга “хавфсизлик ёстиқчаси” сифатида талаб кескин ошгани сабаб бўлмоқда.
Аввалроқ олтинга Ўзбекистон шароитида қандай қилиб сармоя киритиш мумкинлиги ҳақида маълумот бергандик.
Теглар:





