ЕОТБ Марказий Осиё учун тўғридан-тўғри инвестициялар фондини ташкил этмоқчи
Фондни ташкил этишда иштирок этиш аъзо мамлакатлар иқтисодиётига қўшимча маблағ жалб қилиш ва минтақа компанияларининг ривожланишини қўллаб-қувватлаш имконини беради.
© EDBЕвроосиё тараққиёт банки ҳамкорлари билан биргаликда Марказий Осиё ва Кавказорти мамлакатлари учун янги инвестиция фондини ташкил этади. Фонд минтақа компанияларига сармоя киритади.
Банк матбуот хизмати маълум қилишича, Марказий Осиё ва Кавказорти тўғридан-тўғри инвестициялар фонди (CACPEF) Хитой инвестиция корпорацияси, Уммон инвестициялар бошқармаси, Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, Туркиянинг OYAK фонди, ЕОТБ ҳамда «Shenwan Hongyuan Securities» компанияси иштирокида ташкил этилмоқда.
Янги фонд Хитой, Яқин Шарқ ва Марказий Осиёдаги йирик инвесторларнинг маблағлари, тажрибаси ва ишбилармонлик алоқаларини бирлаштиради. Бу орқали минтақа компаниялари ҳамкорларнинг соҳавий тажрибаси, замонавий технологиялари ва янги бозорларга чиқиш имкониятларидан фойдаланиши мумкин бўлади.
ЕОТБ бошқаруви раисининг ўринбосари Дониёр Имангалиевнинг таъкидлашича, Марказий Осиё ва Кавказорти компанияларига бизнесни кенгайтириш ва янги бозорларга чиқиш учун узоқ муддатли сармоялар керак.
Унинг сўзларига кўра, фондни ташкил этишда иштирок этиш аъзо мамлакатлар иқтисодиётига қўшимча маблағ жалб қилиш ва минтақа компанияларининг ривожланишини қўллаб-қувватлаш имконини беради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Евросиё тараққиёт банки Ўзбекистонда кучлироқ инвестициялар ва саноат ишлаб чиқариши иқтисодий ўсишни 7,9 фоизгача ошириши мумкинлигини ёзганди.





