add

2025 йилда криптоиндустрия: ким ютди, ким ютқазди?

Bugun 17:151093 daqiqa

«Bloomberg» таҳлилига кўра, 2025 йил криптобозор учун қарама-қарши йил бўлди: айрим компаниялар рекорд даромад қилди, бошқалар эса кескин йўқотишларга учради.

2025 йилда криптоиндустрия: ким ютди, ким ютқазди?

«Bloomberg» 2025 йил якунлари бўйича криптоиндустрияда ғолиблар ва аутсайдерларни номлади. Йил бошида бозор регуляторлар позициясининг юмшаши ва сиёсий қўллаб-қувватлаш фонида жадал ўсган бўлса, йилнинг иккинчи ярмида аксарият рақамли активлар нархи пасайди, IPO атрофидаги қизиқиш эса сусайди.

Йилнинг энг катта бенефициарларидан бири «Circle» компанияси асосчиси ва раҳбари Жереми Аллер бўлди. Компания дунёдаги иккинчи йирик стейблкоин ҳисобланган USDC асосидаги бизнесни оммавий бозорга муваффақиятли чиқарди. USDC айланмаси 77 млрд доллардан ошган. IPO вақтида компания қиймати 6,9 млрд доллар атрофида баҳоланди. Акциялар ёзги максимумлардан кейин коррекцияга учраган бўлса-да, йил якунида ҳам жойлаштириш нархидан анча юқори қолди. «Circle» 2025 йил учинчи чорагида 214 млн доллар соф фойда қайд этди, бу йиллик ҳисобда уч баробардан зиёд ўсишни англатади.

Йирик капитал ўсиши «Tether» раиси Жанкарло Девазини ҳиссасига ҳам тўғри келди. USDT стейблкоини айланмаси йил давомида 15 фоиздан ортиққа ошди. Компания эгаларига 10 млрд доллардан зиёд дивиденд тўлади. «Bloomberg» маълумотига кўра, «Tether» 500 млрд долларгача баҳоланадиган сармоя жалб қилиш имкониятини муҳокама қилмоқда. Бу ҳолат рўёбга чиқса, Девазини криптоиндустриядаги энг бой шахсга айланиши мумкин.

«Galaxy Digital» асосчиси Майк Новограц ҳам ўз позициясини мустаҳкамлади. Компания криптоактивларни балансда сақловчи корпоратив тузилмалар сони ошганидан фойда кўрди. «Galaxy» бундай резервларни бошқаришдан комиссия олади. Учинчи чоракда гуруҳнинг ялпи тушуми 28 млрд доллардан ошиб, ўтган йилга нисбатан икки баробардан кўпроқ ўсди.

Bloomberg муваффақиятли жойлаштиришлар қаторида Figure Technology Solutions компаниясининг IPOсини ҳам қайд этди. Шунингдек, айрим инфратузилмавий криптолойиҳалар анъанавий молия тизимига мослашиб, капитализацияни оширишга муваффақ бўлди.

Бироқ барча учун йил муваффақиятли кечмади. Криптобизнесда йўқотишга учраганлар орасида «Strategy» компанияси раҳбари Майкл Сэйлор бор. У биткоин захираларини қарз ва акциялар чиқариш орқали агрессив ошириш стратегияси билан танилган эди. Аммо шунга ўхшаш компаниялар кўпайиши ортидан «Strategy» акцияларининг активларга нисбатан устамаси қисқарди. 2025 йилда компания акциялари ҳатто биткоин динамикасидан ҳам орқада қолди. «Bloomberg» баҳосига кўра, Сэйлорнинг шахсий бойлиги учдан бир қисмга камайган.

Катта йўқотишлар «Gemini» криптобиржаси асосчилари — ака-ука Винклвосслар ҳиссасига ҳам тўғри келди. Компания кузда биржага чиқди, аммо IPO бизнес ҳажмининг «Coinbase» билан солиштирганда анча кичик эканини ва асосчилар қарзларига боғлиқлигини очиб берди. Жойлаштиришдан кейин «Gemini» акциялари қарийб 60 фоизга арзонлашди, биткоин нархи пасайиши эса биродарлар капиталига қўшимча босим қилди.

Сиёсий алоқаларга эга айрим криптолойиҳалар ҳам кутилган натижани бермади. Доналд Трамп оиласига боғлиқ активлар кескин қиймат йўқотди. Мемкоинлар ва айрим очиқ криптокомпаниялар ўнлаб фоизга арзонлади. Расмий чекловлар сабаб бу тўлиқ ҳисоб-китобларда акс этмаган бўлса-да, ушбу динамика бутун сегмент учун огоҳлантирувчи сигнал сифатида баҳоланмоқда.

Teglar

Mavzuga oid