3-синф қизни зўрлаган маҳкум иши бўйича ҳибсхона ходимларига жиноят иши очилди

21.10.2025 | 19:402 daqiqa

Маҳкум аввал 14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш моддаси билан 16 йилга қамалган ва жазони ўтаётган бўлган.

3-синф қизни зўрлаган маҳкум иши бўйича ҳибсхона ходимларига жиноят иши очилди

Оҳангарон туманида «фойдали меҳнат ишлари»га жалб қилинган пайтида 3-синф қизни зўрлаган манзил колония маҳкуми иши бўйича ҳибсхона ходимларига жиноят иши очилди. Бу хақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар берди.

Аввалроқ, 16 октябр куни 31 ёшли маҳкум мактабдан қайтаётган 3-синф қизни зўрлагани ҳақида хабар берган эдик. Эркак 14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш моддаси билан 16 йилга қамалган бўлган.

Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармасининг маълумот беришича, гумонланувчи шахс просессуал тартибда ушланган ва унга нисбатан Жиноят кодексининг 119-моддаси 4-қисми (Ўн тўрт ёшга тўлмаган шахс билан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) билан жиноят иши қўзғатилган ва қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Агентликка кўра, ҳолат бўйича жиноий ишга 118-модда (Номусга тегиш) ҳам қўшилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳолатни ўз назоратига олди. Вояга етмаган жабрланувчи қизнинг ҳуқуқлари, психологик ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш мақсадида «Инсон» ижтимоий хизматлар марказининг мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ тузилди. Ҳолат бўйича кейс очилган, жабрланувчи вояга етмаган қиз бирламчи кўмак хонасига жойлаштирилган. Айни пайтда психолог томонидан дастлабки суҳбат ўтказилмоқда», - дейилади хабарда.

Ушбу ҳолат бўйича Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментининг Марказий тергов ҳибсхонаси тартибот бўлими сафдори Ш.О. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 214-моддаси 3-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Teglar

Mavzuga oid