Афғон уруши қурбонларининг яқинлари учун янги имтиёзлар белгиланди

Президентнинг тегишли фармони билан айрим ҳужжатларга ўзгартириш киритилиб, ҳалок бўлганларнинг ота-оналари ва бевалари учун компенсация тўлови жорий этилди.

Афғон уруши қурбонларининг яқинлари учун янги имтиёзлар белгиланди © Ijtimoiy tarmoqlar

Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатлар чоғида фарзандлари ҳалок бўлган ота-оналарга коммунал тўловларнинг бир қисми қоплаб берилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев тегишли фармонни имзолади.

Фармон билан айрим Президент ҳужжатларига ўзгартиришлар киртилди.

Хусусан, Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатлар чоғида фарзандлари (эр ёки хотин) ҳалок бўлган ота-оналарга (беваларга) уй-жой коммунал–хизматлар тўловларининг бир қисмини қоплаш учун компенсация пул тўловини жорий этиш белгиланди.

Афғон уруши ва Ўзбекистон

1979–1989 йилларда бўлиб ўтган Афғонистон урушида собиқ Иттифоқ таркибида Ўзбекистон ҳам бевосита иштирок этган.

1979 йил 25 декабрда Собиқ Иттифоқ қўшинлари «байналмилал бурчни бажариш» шиори остида Афғонистон ҳудудига киритилди. Асосий мақсад минтақада собиқ Иттифоққа хайрихоҳ бўлган тузумни сақлаб қолиш ва геосиёсий таъсир доирасини кенгайтириш бўлган. Ушбу ҳарбий ҳаракатлар нақ 9 йил-у 2 ой давом этди.

Ўзбекистон, хусусан Термиз шаҳри урушнинг асосий логистик маркази ҳисобланган. Амударё устига қурилган «Дўстлик» кўприги орқали ҳарбий техника ва шахсий таркиб Афғонистонга киритилган ва худди шу ердан 1989 йил 15 февралда олиб чиқилган.

Ўзбекистон ҳудудида ярадорларни даволаш ва қўшинларни тайёрлаш учун асосий базалар жойлашган.

Уруш йилларида Ўзбекистондан 64 500 нафардан ортиқ йигитлар жанг майдонларига юборилган. Жанговар ҳаракатлар давомида 1 500 дан ортиқ ўзбекистонлик ҳалок бўлган. 2 500 га яқини урушдан турли даражадаги жисмоний жароҳатлар ва ногирон бўлиб қайтган.

Урушдан қайтган аскарлар «байналмилалчи жангчилар» мақомини олишди. Афғонистон томони маълумотларига кўра, урушда умумий ҳисобда 2 миллионгача киши қурбон бўлган.

Teglar

Mavzuga oid