
Афғонистонда хорижлик инвесторларга доимий яшаш ҳуқуқи берилиши мумкин
Мамлакат ҳукумати хорижлик тадбиркорлар учун сармоя эвазига доимий яшаш рухсатномасини жорий этишга қарор қилди.

Афғонистон Иқтисодий комиссияси хорижий инвесторларга мамлакатга киритилган сармоя эвазига яшаш ҳуқуқини бериш ташаббусини кўриб чиқди.
Комиссия йиғилишидаги муҳокамалардан сўнг ушбу ташаббус маъқулланган ва ижро учун масъул қўмитага йўналтирилган.
Қайд этилишича, хорижликларга киритилган сармоя миқдорига қараб, 1 йилдан 10 йилгача бўлган муддатга яшаш рухсатномаси бериш кўзда тутилмоқда.
Ҳозирча дастур қачон ишга туширилиши номалум.
Узоқ муддатли яшаш ҳуқуқининг таклиф этилиши Кобул учун халқаро яккаланишни юмшатиш ҳамда мамлакатдаги ҳозирги мураккаб шароитда ишлашга тайёр бўлган бизнес вакилларини жалб қилишнинг саноқли самарали воситаларидан бири бўлиши мумкин.
АҚШ 2002 йилдан 2025 йилгача Афғонистонни қайта тиклаш учун 148,2 миллиард доллар маблағ ажратган, бироқ бу миссия муваффақиятсизлик билан якунланган.





