Logo

Аҳоли сезган инфляция июнь ойида 10,2 фоизни ташкил этди

Kecha 22:502 daqiqa

Марказий банк ўтказган сўров натижаларига кўра, июнь ойида аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси 10,2 фоизни ташкил этган. Энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида, энг пасти эса Хоразм вилоятида қайд этилган.

Аҳоли сезган инфляция июнь ойида 10,2 фоизни ташкил этди © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Марказий банк 2026-йил июнь ойи якунлари бўйича аҳоли ўртасида ўтказилган инфляцион кутилмалар ва сезилган инфляция бўйича сўров натижаларини эълон қилди.

3 785 нафар респондент иштирок этган тадқиқотга кўра, июнь ойида аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси ўтган ойга нисбатан деярли ўзгармай, 10,2 фоизни ташкил этган.

Ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида қайд этилган бўлиб, пойтахт аҳолиси сезган инфляция 12,3 фоизга етган. Кейинги ўринларда Андижон вилояти (12,2 фоиз), Фарғона вилояти (11,1 фоиз), Самарқанд вилояти (10,7 фоиз), Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари (10,4 фоиздан) жойлашган.

Энг паст кўрсаткичлар эса Хоразм вилоятида (8,5 фоиз), Наманган вилоятида (9 фоиз), Навоий вилоятида (9,1 фоиз) ва Қашқадарё вилоятида (9,4 фоиз) кузатилган.

Маҳсулотлар кесимида

Сўров иштирокчилари май–июнь ойларида энг катта нарх ўсишини асосан гўшт ва сут маҳсулотларида сезганини билдирган. Бу тоифани респондентларнинг 52 фоизи қайд этган. Шунингдек, бензин ва ёқилғи нархлари ўсишини 38 фоиз, электр энергияси ва табиий газ тарифлари ошганини 31 фоиз иштирокчи таъкидлаган.

Нархлар ўсиши мева-сабзавотлар, шакар ва қандолат маҳсулотлари, гуруч, дори воситалари, қурилиш материаллари, жамоат овқатланиши, транспорт, ўсимлик ёғи, кийим-кечак, тиббий хизматлар ва бошқа товар ҳамда хизматлар бўйича ҳам қайд этилган.

Тадқиқот натижалари даромад даражаси юқори бўлган аҳоли инфляцияни кўпроқ сезаётганини ҳам кўрсатди. Хусусан, ойига 30 млн сўмдан ортиқ даромадга эга респондентлар орасида сезилган инфляция 13,5 фоизни ташкил этган бўлса, ойлик даромади 2 млн сўмгача бўлганлар орасида бу кўрсаткич 8 фоиз бўлган.

Касблар кесимида энг юқори кўрсаткич маиший хизмат кўрсатиш, ташиш хизмати, қурилиш, тиббиёт ва давлат ташкилотлари ходимлари орасида қайд этилган. Энг паст сезилган инфляция эса талабалар, туризм, банк-молия ва савдо соҳаси вакиллари орасида кузатилган.

Эслатиб ўтамиз, 2026-йил июнь ойида Ўзбекистонда расмий инфляция даражаси 0,6 фоизни ташкил этган. Бу май ойига нисбатан нархлар ўсиши суръати қарийб уч баравар тезлашганини кўрсатади. Йиллик инфляция эса май ойидаги 5,5 фоиздан июнь ойида 6,4 фоизга кўтарилган. Таqqослаш учун, 2025-йил июнь ойида ушбу кўрсаткич 8,7 фоизни ташкил этган.

Шунингдек, йилнинг иккинчи чорагида озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 8,6 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 2,3 фоизга қимматлашган. Хизматлар соҳасида ойлик нархлар ўсиши 1,8 фоизни ташкил этган.

Teglar

Mavzuga oid