
Amazon OpenAI’га 50 миллиард доллар сармоя киритишни режалаштирмоқда
Amazon сунъий интеллект бозорида мавқеини мустаҳкамлаш учун OpenAI’га йирик сармоя киритиш имкониятларини ўрганмоқда.

Amazon корпорацияси ChatGPT яратувчиси бўлган OpenAI компаниясига тахминан 50 миллиард доллар сармоя киритиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда Reuters манбалари хабар берди. Маълумотларга кўра, музокаралар ҳозирча дастлабки босқичда бўлиб, якуний шартлар ва сумма аниқ белгиланмаган.
Манбаларнинг айтишича, ушбу эҳтимолий келишувни Amazon бош директори Энди Джесси ва OpenAI раҳбари Сэм Алтман шахсан муҳокама қилмоқда. Агар битим амалга ошса, Amazon OpenAI’нинг жорий молиялаштириш босқичидаги энг йирик инвесторига айланиши мумкин.
OpenAI ҳозирги пайтда 100 миллиард долларгача маблағ жалб қилишни мақсад қилган. Бу компаниянинг умумий баҳосини 830 миллиард долларга етказиши мумкин. Манбаларга кўра, компания келгусида IPO’га чиқишга тайёргарлик кўрмоқда ва бу жараёнда унинг бозор қиймати 1 триллион долларгача кўтарилиши эҳтимол қилинмоқда.
Бошқа компаниялар ҳам сармоя киритишга қизиқиш билдирмоқда
Сунъий интеллект соҳасида рақобат кескин тус олган. Япониянинг SoftBank Group корпорацияси ҳам OpenAI’га қўшимча 30 миллиард доллар сармоя киритиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Шунингдек, чип ишлаб чиқарувчи Nvidia 30 миллиард долларгача, узоқ йиллик ҳамкор Microsoft эса 10 миллиард доллардан камроқ маблағ билан иштирок этиши мумкин.
Эътиборлиси, Amazon бир вақтнинг ўзида OpenAI’нинг асосий рақобатчиларидан бири бўлган Anthropic компаниясига ҳам 8 миллиард доллар сармоя киритган. Anthropic корпоратив мижозлар орасида тез оммалашиб бормоқда ва 2026 йилда йиллик даромадини 26 миллиард долларга етказишни прогноз қилмоқда.




