Амстердам оммавий жойларда гўшт ва нефт маҳсулотлари рекламаcини тақиқлайди

18.02.2026 | 08:582 daqiqa

Нидерландия пойтахти оммавий ҳудудларда гўшт, ички ёнув двигателли автомобиллар ва қазилма бойликлар рекламаcини тақиқлашга қарор қилди. Янги қоида 1 майдан кучга киради ва одамларда соф экологик муҳитда яшаш кўникмасини ривожлантиришга қаратилган.

Амстердам оммавий жойларда гўшт ва нефт маҳсулотлари рекламаcини тақиқлайди

Амстердам шаҳри оммавий маконларда иқлимга зарар етказувчи рекламага қарши кескин чора кўрмоқда. Муниципал кенгаш 22 январ куни қазилма бойликлар, ёқилғи ва гўшт маҳсулотлари рекламаcини жамоат жойлари ҳамда шаҳар жамоат транспорти тармоғида тақиқлаш тўғрисидаги ташаббусни маъқуллади. Қарор 1 майдан кучга киради.

Тақиқ авиапарвозлар, круиз саёҳатлари, ички ёнув двигателли автомобиллар, шунингдек, нефт ва газ билан боғлиқ маҳсулотлар рекламаcини қамраб олади. Ташаббус илк бор 2020 йилда илгари сурилган бўлиб, Амстердам бу йўналишда қадам ташлаган дунёдаги илк шаҳар сифатида қайд этилган эди.

 

Яшиллар ва жониворпарастлар ташаббуси

Муниципал кенгашдаги қарор яшиллар партияси «GroenLinks» ва Ҳайвонлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи «Partij voor de Dieren» ташаббуси билан қабул қилинди. Иқлим фаоллари реклама орқали қазиб олинадиган ёқилғини «одатий ва қабул қилинадиган маҳсулот» сифатида намоён этиш иқлим инқирозини чуқурлаштиради, деб ҳисоблайди.

Ташаббусни қўллаб-қувватловчи «Reclame Fossielvrij» ҳаракати вакили Фемке Слеегерс бу қарорни «иқлим ўзгаришига қарши курашда ҳал қилувчи палла» деб баҳолаган. Унинг фикрича, рекламага чеклов киритилмас экан, Париж келишуви мажбуриятларини бажариш қийин бўлади.

Айрим шаҳар раҳбарлари тақиқни жорий этиш муддати бўйича эътироз билдирган. Вице-мэр Мелани ван дер Хорст май ойи жуда эрта эканини айтиб, ўтиш даври белгилашни таклиф қилди.

Амстердам бу борада Нидерландиядаги бошқа шаҳарлар — Утрехт, Ҳаага, Зволле, Делфт ва Ниймеген тажрибасини давом эттирмоқда.

Франция эса аввалроқ қазиб олинувчи энергия билан шуғулланувчи компаниялар рекламаcини чекловчи қонун қабул қилган. Италиянинг айрим шаҳарлари ҳам шунга ўхшаш чораларни кўриб чиқмоқда.

Мутахассислар фикрича, рекламага чеклов киритиш тамаки ва алкогол сиёсатига ўхшаш ёндашувни англатади: маҳсулотни оммавий маконда тарғиб қилмаслик орқали истеъмолни қисқартириш. Амстердамнинг қарори эса иқлим сиёсатида шаҳар даражасидаги қатъий қадам сифатида баҳоланмоқда.

Teglar

Mavzuga oid